Учкўприк туманида мактабгача таълим ташкилотлари сони ва болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси йилдан йилга ортиб бормоқда.
Мактабгача таълим масканларини кўпайтириш учун оилавий, нодавлат ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар ташкил этилмоқда.
2018-2021 йилларда туманда 125 та янги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Мактабгача таълимга қамраб олинган болалар сони қарийб 4 баробарга ортиб, 3 минг 620 нафардан 11 минг 775 нафарга етди.
Хусусан, давлат-хусусий шерикчилиги асосида 250 ўринга эга бўлган 2 та мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади. Жорий йил якунига қадар 220 ўринга эга яна 2 та давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги боғча иш бошлаши кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги “Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, бугунги кунда туманда 116 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 2 минг 839 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар тарбияланмоқда.
Шу билан бирга, туманда фаолият олиб бораётган 1 та хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасасида 40 нафар боғча ёшидаги бола таълим-тарбия олмоқда.
Маълумот учун, 2017 йилда Учкўприк туманида 33 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб борган. Бугун туманда мактабгача таълим ташкилотлари сони 158 тага етган бўлиб, шундан 39 таси давлат, 1 таси нодавлат, 116 таси оилавий ва 2 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги муассасалардир.
2017 йилда Учкўприк туманида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари 3 минг 620 нафарни ташкил этган бўлса, ўтган давр мобайнида ушбу кўрсаткич қарийб 4 баробарга ортган. Бугун туманда 11 минг 775 нафар боғча ёшидаги болалар мактабгача таълимга қамраб олинган.