Россиянинг йирик қурилиш компаниялари – «ПИК-Индустрия» АЖ ва «ТехСтрой» МЖЧ Фарғона водийсида бўш иш ўринлари учун танлов ўтказмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилди.
Беш кун давомида монтажчи, электр пайвандчи, электр монтажчи, ғишт териш, қолиплаш каби ишларга Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятидан ишга бормоқчи бўлганлар саралаб олинади.
«ПИК-Индустрия» АЖ ва «ТехСтрой» МЧЖ вакиллари бўш иш ўринларига танлаб олишда рус тилини билиш даражаси, касбий малакасига кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Иш берувчиларнинг айтишича, танлаб олинган меҳнат мигрантларига иш жойида зарур шароитлар яратиб берилади, ижтимоий муҳофаза қилинади.
Компаниялар ишчининг малакаси ва иш ҳажмига қараб ойига 500 доллардан 1500 долларгача иш ҳақи ваъда қилмоқда.
Россиянинг бу компанияларида жами 14 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини ишга жойлаштириш имконияти борлиги айтилмоқда.
Танлов Фарғона шаҳрида бўлиб ўтмоқда; унда 15–16 январ кунлари Андижон, 17–18 январ кунлари Фарғона, 19 январ куни Наманган вилояти фуқаролари қатнашади.
Маълумот учун, Фарғона шаҳрида «Ишга марҳамат» мономаркази очилиб, турли касбларга ўқитишни бошлаган. Фарғона туманида касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилиб, шаҳар ва туманларда 17 та филиали фаолият кўрсатмоқда.
Ҳудудларда қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳам ташкил этилган. Расмийларга кўра, ҳозирга қадар бу марказларда 5 мингдан ортиқ аҳоли касб-ҳунарга ўқитилган.
Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят ҳудудий филиали хорижлик иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиб, мингдан ортиқ фуқарони Россияга ишга юборган. Айни кунларда Япония, Канада, Жанубий Корея давлатларидаги иш берувчи компаниялар билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.