2 минг йиллик тарихга эга Қўқон шаҳри бугунги кунда меъморий обидаларнинг кўплиги бўйича республикамизда Хива, Бухоро, Самарканд шаҳарларидан кейин 4 ўринда туради. Қўқон шаҳридаги тарихий ёдгорликлар асосан хонлик даври меъморчилиги намунаси бўлиб, бугунги кунда ҳам ўзининг таровати ва муҳташамлиги билан кишини лол қолдиради.
Шаҳар ўзининг эртакмонанд меъморчилиги ва унга уйғун равишда бунёд этилган гўзал обидалари ва одамларининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги билан ҳам машҳур. Қўқон шаҳрининг расмий қурилган йили Абдукаримбий даври (1739-65 йй) га тўғри келади, яъни 1740-45 йилларга. Шундан сўнггина шаҳар хонлик пойтахтига айланади ва ҳақиқий тараққиётга эришади. Қўқонда 620 та масжид, 52 та мадраса, 23 та қорихона, 39 та карвонсарой, 6 та усти ёпиқ умумий бозор ва 10 дан зиёд махсус бозор, миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган 200 дан зиёд ҳашаматли ҳовли ва бошқа кўркам иморатлар мавжуд эди. Ҳозирги кунда Хўқанднинг киши диққатини ўзига тортадиган меъморий обидалари асосан XIX асрга мансуб. Улар орасида эса Худоёрхон ўрдаси, Жомеъ масжиди, Даҳмаи шоҳон, Даҳмаи Модарихон, Норбўтабий, Миён Ҳазрат, Дастурхончи ва Зинбардор мадрасалари эътиборга лойиқдир.
Мадрасаи Мир, ёҳуд, Мадрасаи Норбўтабий ҳижрий 1213, милодий 1798 йилда Хўқанд ҳукмдори Норбўтабий Абдураҳмонхон ўғиллари томонларидан қурдирилган. Ўзбек давлатчилиги тарихида Норбўтабийни буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи, иқтисодчи ва илм-маърифат намояндаси деб бемалол айтишимиз мумкин. Чунки унинг даврида Фарғона водийсида марказлашган давлат тузишга эришилди, пул ислоҳоти ўтказилди, хонликнинг иқтисодий аҳволи яхшиланди. Норбўтабий даврида машҳур илм соҳиблари фаолият кўрсатишгани билан ахамиятлидир.
Норбўтабий хукмронлиги даврида бир қанча мадрасалар қурилди: Мадрасаи Сулаймония(1762), Хонхўжа эшон(1789), Имом Боқир(1794), Ҳаким тўра(1795), Мадрасаи Мир(1798) мадрасалари шулар жумласидандир. Норбўтабий номидаги мадраса халқ орасида Мадрасаи Мир деб ҳам юритилади. Бир қаватли, ҳовлили, тўғри тўртбурчак тарҳли, 4 бурчагига минора-гулдасталар ишланган. Ҳовли атрофига қатор равоқли хужралар жойлашган. Пештоғи шимолга қараган. Миёнсаройнинг 2 тарафида пештоқ бўйлаб туташган гумбазли масжид ва 12 та деразали (панжаралар ўрнатилган) дарсхона мавжуд. Норбўтабий мадрасаси пишиқ ғиштдан қурилган. Хоналар ичи ганчсувоқ қилинган. Масжиднинг гумбаз ости шарафаси ва меҳробининг юлдузсимон безаклари серҳашам кўринади. Эшиклари гириҳ нақшлар билан безатилган, ички қисмида эса ўймакори исломий нақш қўлланилган. Норбўтабий мадрасасининг ташқи кўриниши Бухоро меъморлик мактаби услубига хосдир. Ҳозиги пайтда Хўқанднинг бош жомеъ масжиди.
“Мадраса” атамаси “дарс” (сабоқ) ўзагидан ясалган бўлиб, “дарс ўтиладиган жой” маъносини англатади. Мадраса иншоотлари, дарсхоналар, хўжалик бинолари, масжид, таҳоратхона ҳамда толиби илмлар истиқомат қиладиган хужралардан иборат бўлган. Мадрасада асосан диний, қисман дунёвий илмлар, араб, форс тиллари ўқитилган. Мадрасалар нафақат ўқув юрти, балки илм-фан маркази сифатида фаолият кўрсатган. Мадрасаларнинг ҳужраларида асосан толиби илмлар истиқомат қилганлар. Шунингдек, айрим уй-жойсиз зиёлилар, уйида илмий иш ва ижод билан шуғулланишга шароити бўлмаган аллома ва шоирлар ҳам мадрасаларда ҳужра олиб истиқомат қилганлар. Мадраса иншоотида бир неча марта таъмир ишлари олиб борилган. Мустақиллик йилларигача мадрасаси биноси Қўқон воҳасидаги ягона масжид бўлиб келди. Жума кунлари жума номозига Исфара, Риштон, Поп, Қирғизистондан ҳам номозхонлар тўпланганлар.
2000 йилларда Қўқон шаҳар қиёфасини миллий ва замонавий меъморчилик анъаналаридан фойдаланган ҳолда ўзгартириш, такомиллаштириш ҳамда уни янада ободонлаштириб, юртимизнинг гўзал масканларидан бирига айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Энг аввало, шаҳардаги маданий мерос ёдгорликларини, қадимий обидаларни асл тарихий кўринишига, қиёфасига монанд тарзда қайта қуриш, таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор берилди. Қисқа вақт ичида шаҳардаги ўндан ортиқ қадимий тарихий ёдгорликлар қайта қурилиб, тўла таъмирдан чиқарилди. Қўқон ўрдаси, Жомеъ масжиди, Камол қози, Миён ҳазрат мадрасалари, Эшонхон ҳаммоми, шу қаторда Норбўтабек мадрасаси сингари обидалар асл кўринишига монанд тикланди.