Самарқандда 26-30 август кунлари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилади

1

Самарқандда “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тайёргарлик кўриш бўйича Президент қарори қабул қилинди.

1997 йилда ташкил этилган мазкур халқаро тадбир бугунги кунда жаҳон миқёсида нуфузли санъат анжуманига айланган. Халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш, бой тарихимиз, бетакрор маданиятимизни тарғиб этишни мақсад қилган фестиваль иштирокчилари сафи йилдан-йилга кенгайиб, ер юзининг барча қитъаларини қамраб олди. Кўплаб давлатлар тадбирнинг доимий иштирокчиларига айланди.

Анънавий ўтказиб келинаётган мазкур фестивалда дунёнинг юздан ортиқ давлати вакиллари ҳамда ЮНЕСКО, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро фольклор санъати ташкилоти, Осиё тараққиёт банки сингари йирик тузилмалар иштирок этган. Бу йилги фестивалда ҳам сайёрамизнинг турли минтақаларидан ўнлаб жамоалар қатнашиши кўзда тутилмоқда. 2017 йилда ўтказилган ўн биринчи фестивалда илк бор Ямайка, Малави, Мяньма ва Уругвай давлатларидан вакиллар, умуман, 56 давлатдан 250 нафардан зиёд хорижлик санъаткорлар Самарқандга келган эди.

Бу йил Президент қарорида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилади.

Фестиваль нуфузини янада ошириш, дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистон мусиқа маданиятига жалб қилиш мақсадида Фестиваль доирасида хорижлик мутахассислар иштирокида махсус давра суҳбати, тақдимот ва маҳорат дарслари ўтказилади.

Анжуманда фестивалга тайёргарлик бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳлар фаолияти, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика