Маълумки, мамлакатимизда музейчилик тарихи бир-бир ярим асрга бориб тақалади. Шу вақтда Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари –Тошкент (1876 й) ва Самарқанд (1896 й) шаҳарлари қаторида Фарғонада ҳам биринчилардан бўлиб музей ташкил қилинган. Мазкур музейга 1894 йилда асос солинган. Музейни ташкил этилишига доктор А. Смирновнинг шахсий коллекцияси ва шу йили ўтказилган Қишлоқ хўжалик кўргазмаси учун йиғилган ашёлар туртки бўлган.
Бугунги кунда музей фондларида турли даврларга мансуб буюмларнинг бой коллекцияси йиғилган. Умумий ҳисобда музей экспонатларининг сони 90 мингдан ортиқ. Улар ўнта бўлимга тақсимланган бўлиб, 700 дан ортиқ экспонатлар ноёб экспонатлар жумласига киради. Улар жумласига XVIII-XX асрга оид Риштон, Ғурумсарой кулолчилик мактаби, сопол буюмларининг нодир намуналари киради.
Сопол буюмлар коллекцияси
Хитой чинни буюмлари, Россиянинг Ф.Гарднер, М.Кузнецов ва кейинроқ “Дмитриевский” фабрикаларида ишлаб чиқарилган ноёб идишлар, Темурийлар давридан ҳозирги кунларгача бўлган даврларга мансуб металл (асосон бронза ва мис) буюмларни киритиш мумкин. Уларнинг аксарияти маҳаллий мисгарлик мактаби вакиллари (Қўқон, Марғилон, Тошкент) томонидан XIX–XX асрларда ишланган анъанавий услубдаги мис буюмлардир.
Металл ва ёғоч буюмлари коллекцияси
Музейдаги ёғоч буюмлар коллекциясида XIX аср ва XX аср бошларига оид ёғочсоз усталари томонидан ишланган кўплаб буюмлар бор. Масалан, қўқонлик усталарнинг турли нақшларда исломий шакллар билан безатилган бир қанча ажойиб буюмлари, коллекциянинг илк экспонатларидан бири – Шаҳрихон волости бошқарувчиси топширган ёғочдан ишланган “хаккалкавуш”лар, доктор А. Смирнов коллекциясидаги ёғоч буюмлар, дурадгорлик асбоблари, болалар ўйинчоқлари, бешиклар, миллий чолғу асбоблари ва кўплаб ҳунармандчилик дастгоҳлари ушбу коллекция асосини ташкил этади.
Мато буюм коллекциясининг негизини XIX асрга оид миллий – анъанавий кийимлар ташкил этади. Шунингдек, XIX асрга оид каштачилик, читгарлик, ипак маҳсулоти намуналари ёки кейинроқ фабрикада тикилган замонавий кийимлар “Ёдгорлик” тўқимачилик фабрикасида тўқилган ипак матолар, давлат арбоблари, таниқли санъат намоёндалари сингари ва бошқа тарихий шахсларга тегишли кийим ва буюмлар киради.
Музейнинг тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик коллекцияси музей дурдонаси хисобланади. Булар орасида таниқли фарғоналик рассомларининг асарлари, шунингдек ҳозирги кунда ўз асарлари билан элга танилаётган рассомларнинг ижодий намуналари ўрин олган. Ҳозирги кунга келиб бу коллекцияда мингдан ортиқ тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва гобелен асарлари сақланади.
Музейнинг биринчи биноси
Музей қурол-аслаҳа коллекцияси хилма-хиллиги билан эътиборга моликдир.
Бу коллекция XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрда ишлаб чиқарилган тиғли қуроллардан: килич, ҳанжар, чопқи, болта, тўқмоқ; ўқотар қуроллардан: пилтамилтиқ, револьвер, пистолет, ов милтиқлари, жанговор милтиқлар сингари жами 150 ортиқ қурол аслаҳаларни ўзида мужассамлайди.
Мустақиллик йилларида музейларнинг роли ва вазифаси кескин ўзгарди. Ҳукумат томонидан музейларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Энди музейлар ўзбек халқининг бой ва ҳаққоний тарихини очиб беришга қаратилган фаолиятни йўлга қўйди. Республикада биринчилардан бўлиб Фарғона музейи 1996 йилда ўз экспозицияларини тўлиқ ўзгартиришга муваффақ бўлди. Ушбу экспозиция тарихий кетма-кетликда, чуқур илмий асосланган концепцияга таянган холда, қадимий даврлардан ХХ аср бошларига бўлган даврни ўз ичига олган. Унда қадимги сак қабилалари қозони ва билагузуги, Чуст маданиятига доир топилмалар, Оқтом ва Кўктош дафнаси, қадимги тақинчоқлар, ўрта асрга оид кулолчилик ва шиша буюм намуналари, темирчилик ва мисгарлик, меҳнат ва жанг қуроллари каби юзлаб экспонатлар намойиш этилмоқда.
Музей ходимларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги хизматлари янада кўпроқ кўзга ташлана бошлади. Бевосита уларнинг хизматлари эвазига, нафақат мамлакатимиз, балки бутунжаҳон миқёсидаги тантаналарни нишонлашга муваффақ бўлинмоқда. Буюк ватандошларимиз Аҳмад Фарғонийнинг 1200 йиллик ва Бурҳониддин Марғилонийнинг 900 йиллик юбилейлари ана шулар жумласидандир. Бевосита музей ходимларининг оммавий ва илмий чиқишлари эвазига юқоридаги юбилейларни нишонлашга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11-декабрдаги 975-сонли қарорига асосан Фарғона музейи “Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи” номига ўзгартирилди. Бугунги кунда Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи барча турдаги замонавий техника воситалари билан таъминланган бўлиб, улар илмий-тадқиқот ишларига катта самара бермоқда.