ҚОШҚАЙРОНЛИК КУЛОЛ

11

Мамлакатимизда ҳунармандларга яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган тумандошларимиздан бири – қошқайронлик якка тартибдаги тадбиркор, риштонлик кулол Хуршиджон Жумаев шу касбни танлаб, фаолият юритиб келаётганига ўн беш йилдан ошди. 

Мактабнинг 5 синфида ўқиётган ўғлидаги кулолчиликка бўлган болаларча ҳавас ва қизиқишни зимдан кузатган дадаси Акмалжон ака уни нафақат туманда, балки Республика ва хорижда ҳам таниқли уста кулол Йўлдошали Полвоновга шогирдликка берди. У ерда ёш Хуршид етти йил устадан кулолчиликнинг сўз билангина ифодалаб бўлмас сир-асрорларини пухта эгаллади. Ҳамиша ўз устида ишлашни,  ижод қилишни ўрганди.

Ҳозирги кунда уста кулол ўз уйидаги мўъжазгина устахонада “Қора қалам”, “Меҳроб”, “Тилма”, “Атлас”, “Адрас”, “Маржона”, “Анор” йўналишларида гўзал ва сержило кулолчилик маҳсулотлари – чойнак ва пиёла, 3 хил турдаги рус ликопчалари, мевадон ва бошқа турли хилдаги катта-кичик ҳажмдаги харидоргир, сувенирбоп лаганлар, товоқларни яратмоқда.

Хуршид яратаётган бетакрор бадиий кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кишини сеҳрлаб қўяди. Рангларнинг уйғунлиги, ўз ўрнида ишлатилгани ва суратларнинг табиийдек тасвирланган ҳолатлари кишига ўзгача завқ-шавқ бағишлайди. Кулол қўлида сайқал топиб, гўзал санъат асарига айланган сопол маҳсулотлар бугун нафақат Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятларига, балки Қозоғистон ва Россияга, у ердан ишончли воситачилар орқали Бирлашган Араб Амирликлари давлатларига экспорт қилинмоқда.

Кулол келгусида ваколатли банкдан 50 млн. сўм имтиёзли кредит олиб, 6 сотихли томорқасида музей ташкил қилиш ниятида. Шу билан бирга ўнлаб шогирдларига кулолчилик қийин ва машаққатли касб эканлигини, оддий Риштон тупроғининг кулол қўлида сайқал топган санъат асарлари асрлар давомида одамлар қалбини забт этишини, бунинг учун доимо атрофдаги гўзалликлардан завқланиб, илҳомланиб, уни ўз асарларида акс эттиришларига чорламоқда…

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

Фарғона вилояти, Риштон тумани.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика