ФАРҒОНАДА АНОРЗОРЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

2

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи мобайнида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги сингари тармоқлар истиқболи билан боғлиқ бир қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Ташриф давомида белгиланган устувор вазифалар, амалий таклиф ва тавсиялар асосида ўтган авдр мобайнида вилоятимизда изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани эътиборга сазовордир. Бу борада кам рентабелли, ҳосилдорлиги унча юқори бўлмаган экин майдонларида экспортбоп, жаҳон бозорида харидоргир экин турларини жойлашлаштириш бўйича амалга татбиқ этилаётган лойиҳалар барчамизни беҳад мамнун этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги «Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 791-сонли қарорига асосан 2018-2020 йилларда вилоятимизда 20 минг гектар ерда анорзорлар барпо қилиш ва ҳосилдорликни 2023 йилда 40.000 тоннага, 2025 йилда эса 216.200 тоннага етказиш режалаштирилган. Бунинг самараси сифатида яқин истиқболда мазкур тармоқда 30.000 га яқин янги ишчи ўрни яратиш имконияти яратилади.
Айни жараёнда вилоятимизнинг барча ҳудудларида анор етиштирувчи ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакиллари, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Эзгу мақсадни рўёбга чиқариш учун илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий ишлар олиб борилиб, инновацион ғоя ва технологияларни амалиётга кенг жорий этилади. Шунингдек, анорчиликни ривожлантириш учун Фарғона давлат университетида ташкил этилган янги кафедра илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва илм-фан ютуқларини амалиётга кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда республика анор етиштирувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Унга анорчилик соҳасида жуда кўп йиллик илмий ва амалий тажрибага эга, Фарғона давлат университети фахрий профессори, “Фарғона анорчилик” агрофирмаси бошлиғи Мастура Сайфутдинова раҳбар этиб тайинланди.
Ҳозирги кунда Мастура Сайфутдинова бошчилигида Қува туманида жойлашган “Фарғона анорчилиги” агрофирмаси кўмагида вилоятнинг барча шаҳар-туманларида анорзорлар барпо этиш, жаҳонга машҳур, бренд анор навларини иқлимлаштириш, маҳаллий иқлим шароитига мос ва серҳосил янги навлар яратиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Шу билан бирга вилоятнинг барча шаҳар-туманларида анорзорлар барпо этиш истагида бўлган талабгорлар иштирокида амалий ўқув-семинарлари ўтказиб келинмоқда.
Маълумки, анор маҳсулотини қайта ишлаш орқали ундан жаҳон бозорида талаб ва таклиф жуда юқори бўлган мева шарбати, вино, ювиниш ва гигиена воситалари ҳамда бошқа турдаги тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ҳозирда ушбу йўналишда лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш, инвестиция жалб этиш ҳисобига чет эллик ва маҳаллий тадбиркорлар фаолиятини ўзаро умумлаштириб, кластер тизимини жорий этиш ишлари давом эттириляпти. Вилоятда анорчилик тармоғи истиқболини таъминлашда кластер усулида ишлаш истагида бўлган тадбиркорлик субъектларига барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика