Учкўприк тумани “Боғибўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида намунавий хонадонлар ва замонавий кўп қаватли уйлардан иборат кичик шаҳарча қад ростламоқда. Бу ерда сўнгги 5 йил давомида бунёд этилган ва айни вақтда қурилиши давом этаётган янги уйларда 1000 та оилани турар-жой билан таъминланади.
Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинидаги янги мавзеда 247 хонадондан иборат 10 та 5 қаватли замонавий турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ҳозирда ушбу ҳудудда яна 12 та кўп қаватли турар жой бинолари барпо этилмоқда.
Шинам ва барча қулайликларга эга бўлган хонадонлар асосан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар, меҳнат мигрантлари, ногиронлиги бўлган кишилар, ёш оилалар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун ажратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, туманимизда кўп қаватли уйлар қурилиши йилдан-йилга жадаллик билан ўсиб бормоқда. Сўнгги уч йил давомида “Боғибўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Муллазоир мавзесида жами 26 та кўп қаватли ва 152 та намунали арзон уй-жойлар қуриб битказилди.
Жумладан, 2019 йилда 48 хонадонли 2 та кўп қаватли уйлар ўз эгаларига топширилган бўлса, 2020 йилда 520 хонадонга мўлжалланган 15 та замонавий кўп қаватли уйлар қад ростлади.
Ҳудудда давлат хусусий шериклик асосида замонавий болалар боғчаси ва бошланғич таълим мактаби фойдаланишга топширилган. Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида эса “Ёшлар” ва “Юксалиш” кичик саноат зоналари барпо этилмоқда.