Иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони қабул қилинди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, халқаро майдонда мамлакатимиз мавқеини янада юксалтириш, хорижий рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни тизимли равишда амалга ошириш, масъул давлат органлари раҳбарларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишида уларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида
Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасига халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари лавозими киритилди ва янги бошқарма ташкил этилди.
Фармонда қайд этилишича, Комиссия халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича ишларни амалга ошириш доирасида ҳар ойда камида бир маротаба йиғилади ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун устувор йўналишларни белгилаб беради ва амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб боради. Ўзбекистон Республикаси Президентига амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда камида бир маротаба ҳисобот тақдим этади.
Комиссия фаолияти учун халқаро рейтинг ва индекслардаги Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича халқаро рейтинг агентликлари ҳамда халқаро эксперт, консультант ва мутахассисларни жалб қилиш ваколати ҳам берилди.