Қишда ҳам ёздагидек серобчилик

IMG_6408

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги “Қум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги 882 хонадоннинг ҳар бирида ўртача 6 сотихдан томорқаси бор. Шу маҳаллада яшовчи Қаҳрамон Комиловнинг касби новвойчилик. Эрта тонгдан оиласи билан қишлоқ аҳли дастурхони-ю қўшни Қўқон шаҳар савдо дўконларига тандирдан узилган иссиқ нон — ризқ-рўз етказиб беради. Шу билан бирга томорқасида иссиқхона ташкил этган.

— Шу мўъжазгина иссиқхонамиздан йил давомида 3 марта ҳосил оламиз. Бодринг, қалампир, булғор қалампири ва помидорни бозорга пешма-пеш етказиб берамиз. Яхши ният ва ҳалол меҳнат туфайли хонадонимиздан барака аримайди, — дейди Қ. Комилов.

Улуғбек Каримов хонадонидаги иссиқхонада эса редиска етиштирилмоқда. Хонадон соҳибаси Дилшода Каримованинг таъкидлашича, бодринг, кашнич ва редиска каби экинларни алмашлаб экиш орқали йил давомида қўшимча 70 млн. сўмдан зиёд соф фойдага эга бўлмоқдалар.

— Маҳаллада 35 гектардан зиёд томорқа майдони мавжуд. Шундан 20 гектарида 160 га яқин иссиқхоналар ташкил этилган, — дейди “Қум” МФЙ раиси Шавкат Эргашев. — Маҳалламиздаги томорқаларида қишда ҳам ёздагидек серобчиликни кўрасиз.

Айтгандай, янги йилда ушбу маҳаллада яна 30 дан ортиқ оила томорқасида иссиқхона барпо этишни режалаштириб турибди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика