туманда 2016 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган
бўлса, 2020 йил давомида бу кўрсаткич ўн баробар ортди
Дунёда етти мўъжиза бор, дейишади. Бугунги кунда юртимизда қайсидир маънода саккизинчи мўъжиза яратиляпти, десак ҳеч бир янглишмаган бўламиз. Бу ер билан тиллашиш, ундан уч-тўрт маротаба ҳосил олиш мўъжизасидир. Олтиариқнинг ҳар бир даласи, ҳар бир ҳовлиси бунга амалий далил бўла олади. Устозларимиздан бири ёзганидек, бу ерда агар кўчага машинадан бир кафт тупроқ тушиб қолса, тадбиркорлар ўша жойда ҳам бир нима экиб кўкартиради. Ҳақиқатан, олтиариқликлар ерни эъзозлайди ва шунга яраша унинг роҳатидан баҳраманд бўлиб келяпти. Айни кезда туманнинг қай бир ҳудудига борманг, кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг устидан чиқасиз.
ОЛТИНДАЙ ТОВЛАНГАН УЗУМЛАР
Президентимизнинг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, туманнинг Ғайрат, Янгиараб, Бўрбонлиқ ва Катпут массивларининг дашт қисмларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларида кооперативлар ташкил этилиб, 620 гектардан ортиқ ер майдонига 10 та тик қудуқ қазилди ҳамда иссиқхона ва боғлар ташкил этилиши натижасида 3 мингдан зиёд фуқаро учун янги иш ўринлари яратилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 20 минг тоннага ортди. Олтиариқ тумани нафақат бодринг ва турп, балки узуми билан ҳам машҳур. Ўтган йиллар мобайнида бу ерда ўзига хос мактаб вужудга келиб, ўнлаб турдаги янги узум навлари яратилди. “Қора шаҳзода”, “Ҳусайни”, “Маликанинг бармоғи”, “Ризамат ота” каби навлар нафақат ички бозорда, балки узоқ-яқин ҳориж давлатларида ҳам харидоргир бўлиб бормоқда.
2019 йилнинг май ойида Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида Олтиариқ туманидаги 3000 гектар ғалла майдонини босқичма-босқич қисқартириб, унинг ўрнида янги токзорлар ташкил этиш бўйича берган топшириғига асосан, икки йилда 1 350 гектар майдонда токзорлар барпо этилди. Бунинг натижасида 2 700 та янги иш ўрни яратилди.
— 2021 йил охирига қадар яна 1 650 гектар майдонда янги токзорлар барпо
этилиб, 5000 та янги иш ўрни яратилиши ҳисобига бюджетга 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жалб қилиниши кўзда тутилмоқда, — дейди Олтиариқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Жуманов. — Келгуси йилларда туманда яна 6 200 гектар ер майдонларида узумзорлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади. Шу боис, Президентимиз 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишда маҳаллий товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратар экан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Шеробод анори, Хоразм қовуни, Сурхондарё хурмоси каби
Олтиариқ ва Паркент узумини ҳам машҳур брендлар қаторида ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш вазифасини қўйди.
Олтиариқнинг қайси бир қишлоғи ва маҳалласига кирманг, бежирим уйлар олдида ҳам, томорқада ҳам кўзни қамаштирувчи узумзорларга кўзингиз тушади. Гўёки бир-бирлари билан ким ўзарга деҳқончилик қилаётганга ўхшайди. Шундан бўлса керак, туман миришкорларининг қўлларида доимо токқайчи бўлади.
— Олтиариқликлар пишган узумнинг ҳар бир бошини сентябрь ойида қоғозларга ўрайди, октябрь ойига ўтганда токзорларни ҳам ўраб, қўлбола иссиқхона яратиш орқали баҳор фаслининг охиригача сўритокларда сақлайди, — дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Умиджон Бозоров. — Узумларни узоқ сақлашнинг халқона тажрибасини боғбонларимиз “баклашка” услуби дейди. Бунда пишган узум шодаси банди билан кесилиб, сув солинган пластик идишга солиб қўйилади. Калтак сувдан озиқланади ва узум банди янги узилгандек апрель ойининг охиригача кўм-кўк бўлиб тураверади. Узумнинг ўзига хос хусусияти шундаки, бу мева ўз таркиби билан она сутига тенглаша олади. Тадқиқотчилар фикрича, унинг таркибида В гуруҳидаги барча дармондорилар, Е, А, РР, К, С ва Д витаминлари ҳам етарлича бор. Бундан ташқари, унда темир, мис, калий, кальций, магний, рух, бор, ваннадий, алюминий молибден, пектин, селен, титан, кобальт, радий анион, хлор, кремний ва олтингугурт каби моддалар ҳам мавжуд. Тозаловчи восита сифатида инсон организмига тушган ҳар қандай инфекцияни ҳайдаб чиқариш хусусиятига эга. Ундаги антисептик хусусият инсонни заҳарланишдан сақлайди. Мева қобиғидаги фитостерин саратон ва бошқа оғир касалликларга қарши антиоксидантдир. Бу моддалар ёрдамида инсон танаси ҳамиша енгил ва инфекциялардан холи бўлади.
Тумандаги “М.Бойматов” узумчилик кластерида сиғими минг тонналик музлаткичда олтиндай товланиб турган маҳсулотлар тўрт фасл давомида сақланади. Иш юритувчи Жалолиддин Жалиловнинг айтишича, бу йил кластерга қарашли 45 гектар ерда узумнинг турли навлари етиштирилди ва
уларнинг ҳаммаси музлаткичга жойлаштирилди. Талаб ва таклифга қараб, маҳаллий ва хорижий бозорга чиқарилади. Бундан ташқари, такрорий сабзавот экиш учун ажратилган 150 гектар майдонда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам музлаткичдан бирин-кетин ўрин эгалламоқда.
ЭКСПОРТ 60 МЛН ДОЛЛАРДАН ОШДИ
2017 йилгача туманда атиги 10 минг тонна музлаткичли камералар мавжуд бўлган бўлса, охирги уч йил давомида улар ҳажми 62 минг тоннага етказилди. Музлаткичли 400 дан ортиқ юк транспорт воситаси олиб келиниб, туманда етиштирилган маҳсулотларни тадбиркорларнинг ўзлари экспортга чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг натижасида агар 2016 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2020 йилнинг октябрь ойигача қадар бу кўрсаткич ўн баробар ортди. Унинг анчагина қисмини Ўзбекистон брендига айланаётган узум ташкил этади.
Бунда Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида тадбиркорларга кўрсатилаётган рағбат ва яратилаётган имкониятлар таянч ҳамда суянч бўляпти. Хусусан, “Водий холдинг мева” мева-сабзавот кластерига маҳсулотларни етиштириш учун банкдан 6 миллиард 350 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг эвазига 8,5 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга сотилди. “Hamza Ekspo Art Tekstil” хусусий корхонаси томонидан 27,2 миллиард сўмлик тўқув маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиши ҳисобига эса 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ҳозирги кунда корхона томонидан йилига 8,7 миллион
квадрат метр мато тайёрланиб, Россия, Польшага экспорт қилинмоқда.
ТЕЗКОР ВА ШАФФОФ ЗАМОНАВИЙ ХИЗМАТЛАР
Сўнгги тўрт йилда тадбиркорлик фаолияти учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилганини қуйидаги рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. 2020 йил давомида туманда 219 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди ва уларнинг сони 3 689 тага етди. Шунингдек, коронавирус пандемияси даврида вақтинча иқтисодий фаоллигини йўқотган 204 та корхона ҳамда фаолият кўрсатмаётган 43 та субъект иши қайта тикланди.
— Авваллари фуқароларимиз бир парча қоғоз олиш учун соатлаб давлат идораларида навбат кутишига тўғри келган бўлса, ҳозир зарур бўлган маълумотларни электрон равишда бир неча дақиқада олиш имконияти яратилди. Карантин даврида Олтиариқ тумани Давлат хизматлари маркази фаолияти онлайн тартибда давом эттирилди, — дейди марказ директори Ойбек Эшматов. — Фуқаролар энг зарур давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон тартибда фойдаланишлари йўлга қўйилди.
Ўтган йили иш бошлаган марказда юридик ва жисмоний шахсларга 140 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Вилоят ҳокимлиги томонидан хайрли ташаббусга қўл урилиб, бундан бир неча кун олдин Олтиариқ туманида ҳам Тадбиркорлар уйи ўз фаолиятини бошлади.
Уни ташкил этишдан асосий мақсад ҳар бир тадбиркор мурожаатини белгиланган меъёрлар асосида тезкорлик билан ижобий ҳал этиш, тадбиркорга кўмакчи ва суянч бўлишдан иборатдир. Тадбиркорлар уйи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорнинг муаммоси шу ерда ечим топади. Истиқболли лойиҳалар, бизнес режалар ишлаб чиқилади. Бу ерда тадбиркорнинг барча масалалари ижобий ҳал этилиши учун тижорат банклари, Давлат хизматлари маркази, қурилиш, архитектура ва бошқа барча масъул идораларнинг ходимлари жойлашган.
Ушбу марказ туман ёшларини ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, замонавий билим ва кўникмалар бериш ҳамда шу йўл билан уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши кишини мамнун этади.
ЗИЁРАТ ВА ТИББИЁТ ТУРИЗМИ ҲАМ РИВОЖ ТОПАДИ
Кейинги йилларда туманда 20 га яқин тарихий ёдгорлик қайта тикланди ва ободонлаштирилди. Токио шарқшунослик институти олимлари билан ҳамкорликда иш олиб борилиши натижасида айрим тарихий обидалар Японияда чоп этилган “Туркистон тарихий обидалари” китобига киритилиб, Буюк ипак йўли бўйидаги маданий мерослархаритасига туширилди.
Улардан бири бўлган зиёратгоҳни аҳоли Зурай момо, Зурайк момо, баъзилар Зийрак момо, Зирокой момо ҳам дейишади. У туман марказидан шимолда, Зурайк момо қишлоғида жойлашган. Тарихи 2000 йилларга бориб тақалувчи қадамжонинг майдони 160×120 метр, жануби-ғарбий ҳудудда 4 метр баландликдаги тепалик мавжуд. Ёдгорлик атрофига мевали дарахтлар ўтқазилган бўлиб, хушманзара жойга айланиб боряпти.
Бўрбонлиқ қишлоғидаги Дўсти Худо зиёратгоҳидаги масжид ўймакор ёғоч
устунларининг шаклдор курсиси ва бош муқарнаси билан ажралиб туради. Шифтларига кўк заминда ранг-баранг исломий нақшлар ишланган. Тўсинлардаги оҳори ўчган бўёқларда қизил ранг устунлик қилади, ранг-баранг гуллар жимжима ҳошия ичида алоҳида ажралиб туради. Унча мураккаб бўлмаган бир-бирига монанд ёрқин рангли безаклар тўсинларга нафис ишланган нақшлар билан уйғунлашиб кетади.
Меъморлар масжидда шимолий ҳовлига кирадиган дарвозахона тузилишига
ҳам алоҳида эътибор берган. Бу тўсинли нақшинкор ёғоч устунли шийпонни эслатади. Дарвозахона шифти ҳам масжидники сингари нақшланган. Эски масжид эшигида ҳижрий йил билан 1283 сана туширилган бўлиб, бу унинг 1866 йилда бунёд қилинганидан шоҳидлик беради.
Эскиараб қишлоғидаги 2500 йиллик тарихга эга бўлган Китконтепа зиёратгоҳи ҳам келгусида хорижлик сайёҳларни бефарқ қолдирмайди. Мазкур зиёратгоҳ археологик ёдгорлик бўлиб, баландлиги 12 метр ва майдони эса 65х55 метрдан иборат. Фарғона вилояти ўлкашунослик музейи ходимлари олиб борган археологик қазишмалар натижаси ёдгорлик эрамизнинг бошларига оид эканини кўрсатди.
Ҳа, тумандаги бу каби тарихий қадамжолар тез орада хорижлик сайёҳлар билан ҳам гавжум бўлади, албатта. Зеро, туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлиб, иқтисодиётни юксалтиради, юртни дунёга янада кенгроқ танитади. Туманда тиббиёт туризмини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратила бошланди. Бу борада бир қатор лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.
— Қизилтепа массивидаги шифобахш минерал сув тарқал иш радиусида жойлашган 300 гектар унумдорлиги паст ер майдонларида сиҳатгоҳлар ташкил этиш режалаштирилмоқда, — дейди Жаҳонгир Жуманов. — Шу ҳудудда ер ости шифобахш минерал сув захираси мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда 1,2 километр тарқалиш радиусида 8 та сиҳатгоҳ фаолият кўрсатмоқда.
Қизилтепа массивида 300 га ер майдонига ҳар бири 100 ўринли 30 гектар
санаторий ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш мумкин.
Бир йилда бу объектларда 25 миллиард сўм соф фойда олиш, шунингдек, 3000 га яқин янги иш ўрни яратиш таъминланади.
Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
журналист.