“Мурожаатнома – Президент ваъдасими?”

Барчамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаси орқали мазкур ҳужжатда ўртага ташланган устувор вазифалар бўйича кенг жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазалар билдиришларини қайд этган эди. Мурожаатномани ўрганиб чиқар эканман, унда ифодаланган ҳар бир фикр, ҳар бир фактлар, натижалар, рақамлар Ўзбекистон халқинининг тамомила ўзгариб бораётган ҳаёти, юксалиб бораётган фуқаролик жамиятини очиқ ва ойдин кўрсатиб беради.

Ҳа, бу ўзгаришлар кўз ўнгимизда қисқа фурсатларда, баъзан бизнинг иштирокимизда, баъзан бевосита жуда тез содир бўлмоқда. Мушоҳада учун Президентнинг ўтган йилги Мурожаатномаси ижросини бугунги ҳаётимиз билан қиёсладим. Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб олинган ҳар бир йўналиш ислоҳотдан ҳоли бўлмади. Мамлакат бошига келган синовли кунлар, пандемия даври қийинчиликларига қарамай, тараққиёт давом этди. Атрофимизда мактабгача таълим муассасалари кўпая бошлади, болажонларни боғчага жойлаштиришдаги “югур-югур”лар, расмиятчиликлар деярли кузатилмади. Давлат хизматлари марказлари халқ билан ёнма-ён туриб ишладилар ва ўртадаги кўпгина манфаатдор “воситачи”лар четга сурилди. Ўқитувчи, шифокорларга бўлган эътибор кучайиб, шу касбга ёшларда ҳурмат ва қизиқиш ортди. Ёшларни олий таълимга қамраб олиш соҳасида кириш имтиҳонларидан тортиб, ўқитиш тизимигача неча йиллаб кутилган ўзгаришлар киритилди, халқ таълими ривожи йўлида катта қадамлар ташланди.

Кабинетдан ташқарига чиқмаган раҳбарлар маҳаллаларда уйма-уй юра бошладилар, давлат ташкилотлари ва бошқарув органлари фаолиятида ошкоралик кўринди, халққа матбуот котиблари орқали ҳисоб бера бошладилар. Банклар мижозларни ҳурмат қилишни, тадбиркор ҳуқуқини қандай ҳимоя қилишни ўрганди. Оммавий ахборот воситалари гўёки қанот чиқариб учди. Цензура ва турли таъқиқлар, тўсиқлар кўтарилди. Бу қанотларда пресс-клублар, мустақил журналистлар, блогерлар улғайди.

Депутатлар ким эканлигини, халқ эса сайловнинг моҳиятини тушунди. Ўзбек ўзлигини, халқ  ҳурматини, фуқаролар ўз фуқаролик позициясини англаб етдилар. Чет эллардаги ватандошлар “Меҳр-3” операциялари натижасида бағримизга қайтди. Халқнинг ҳуқуқий савияси, сиёсий  онги ошиб, қонун лойиҳаларига таклифлар қуйидан чиқа бошлади.

Бу янгиланишларни санасангиз, чиқаверади-чиқаверади. Лекин хулоса шуни кўрсатадики, мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишда ўсиш тезлиги ошиб кетди. Демакки, Президентимиз Олий Мажлис орқали халқимизга қилган Мурожаати  – ваъдасини бажарди.

Эндиликда янги Мурожаатномада олдимизга қўйган  мақсадларимиз ижросини олдиндан бир тасаввур қилиб кўринг. Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, Ўзбекистонда таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устуни бўлиб хизмат қилса, Япония турган пиллопояларга қадамимиз етмайдими? Келгусида  юртимизда бир қанча Президент мактаблари, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган кўплаб мактаблар очилса, балки яна янги тарихимизда Хоразмий, Беруний, Ибн Синолар издошларини кўрармиз.

Юрагимизнинг бир четини оғритиб турган ҳимоямизга муҳтожлар, камбағаллар масаласини ижтимоий ҳимояни кучайтириш, уларга иш, ойлик, бошпана берадиган корхоналар очиш ва бошқа манзилли чоралар орқали ҳал этишга бел боғласакчи?

Таълим тубдан ислоҳ қилинса, соғлиқни сақлаш тизимини замон талабларига мос равишда ўзгартирилса, касб-ҳунарга ўқитиш услублари янгиланса, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммолар одилона ҳал этилса, биздан яна қайси муаммо қочиб қутула олади, айтинг? Манашу вазифаларнинг барчаси Президент Мурожаатномасида айтилди. Бироқ бу вазифаларни бажаришга Президентнинг ўзи эмас, наздимизда “тепадаги катталар” эмас, Сиз билан Биз киришмоғимиз зарур. Оилага ризқ ташиётган касбимизни, ҳунаримизни ҳалол бажарсак, ўз вазифамизни сидқидилдан адо этсак, фикримиз уйғоқ, кўзимиз равшан бўлса ҳали кўп ислоҳотлардан баҳраманд бўламиз. Ўтган йилги ислоҳотлар мевасини татиётган эканмиз,  модомики бизга бу янгиланишлар, имкониятлар ва имтиёзлар ёқаётган экан, нега энди уларни кўпайтирмаслигимиз керак?

Халқ бўлиб шакллангунча, бирдам бўлиб жипслашгунча тарихда не кунлар бошимиздан ўтди. Энди аҳилликни, бирдамликни, қўлдан бериш йўқ. Жамоатчилик назорати бу – катта куч. Нигоҳимиздан ҳеч қандай  адолатсизлик, масъулиятсизлик яшириниб қолмаслиги керак. Атрофимиздаги айрим бурчсизларни, лоқайдларни, бефарқларни ва шукрни ҳис эта олмайдиганларни уйғотиб юборишга қодир маърифатимиз бор.

Шундай экан, Давлатимиз раҳбарининг пухта тажрибаси, кучли сиёсат юритиши, халқпарварлиги ва донолигидан фойдаланган ҳолда унга қанот бўлиб бирлашиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш  – муҳим вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз даркор. Зеро, авлодларимизнинг фаровон ҳаёти учун ҳисса қўшишга бизда куч ҳам, қудрат ҳам, имконият ҳам етарли.

 

Комила ИСРАИЛОВА,

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

         раиси ўринбосари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика