Пандемия шароитида фуқароларимизни ватанимизга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиз ҳар бир фуқаросининг хавфсизлигини таъминлаш, соғлигини сақлаш ҳамда ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтиб келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан Россия Федерацияси ҳамда дунёнинг кўплаб давлатларидан чартер қатновлар ташкил этилди. Чет эллардан 100 мингдан зиёд фуқароларимиз олиб келинди.
Ҳозирги вақтда Москва, Санкт-Петербург, Ростов-Дондан Тошкентга учадиган рейсларга чипта харид қилиш имкони бор. Россия шаҳарларидан Ўзбекистонга парвоз қилиш фақат Ўзбекистон фуқароларига, ПЗР текширувидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома (қатнов жўнашидан олдин камида 72 соат амал қилувчи) тақдим этилган ҳолда рухсат берилади.
Шунингдек, Россиядан ватандошларни олиб келиш учун қўшимча поезд қатновлари белгиланди. Россия Федерацияси ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун 483/484-сонли поезднинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилди. Поездлар Волгоград вилоятидаги “Волжский” станциясидан 15, 18, 22, 25, 28 октябрь кунлари, шунингдек, 1 ва 2 ноябрь кунлари соат 21:57да йўлга чиқади.
Йўловчилар поезд чипталарни Россия ҳудудида фаолият юритадиган ҳар қандай темир йўл кассаларидан сотиб олиши мумкин. Чипталарни сотиб олишда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши шарт. Бундан ташқари, «Россия темир йўллари» компаниясининг расмий веб-саҳифасида, шунингдек, «Россия темир йўллари йўловчилар учун» мобил иловасидан фойдаланган ҳолда чипталарни расмийлаштириш мумкин.
Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасининг маълумотига кўра, 20 та вагондан иборат ҳар бир поезд таркиби 938 йўловчини ташишга мўлжалланган. Поездлар Россия ҳудуди бўйлаб қўшимча тўхтовларсиз ҳаракат қилади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишлар фуқароларимизнинг соғлиги ва осойишталигига қаратилаётган юксаак эътибордан далолатдир.