ҚУЛАЙ ИНВЕСТИЦИЯВИЙ МУҲИТ – РИВОЖЛАНИШ ОМИЛИ

ИСЛОҲОТЛАР – АМАЛДА

Мустақил юртимизда халқимиз дастурхонини сифатли ва сархил мевалар билан таъминлаш борасида боғдорчилик ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ер майдонларидан, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Натижада боғдорчилик фермер хўжаликлари ислоҳ этилиб, боғлар ҳосилдорлиги ошмоқда. Янги боғлар яратиш, навларни янгилаш, сифатли мевалар экспорти ҳажмини кўпайтириш борасида бир қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Олтиариқ туманида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, туманга чет эл инвестициялари олиб кирилишига ҳам катта эътибор берилди.

Туманнинг Ғайрат ҚФЙ ҳудудида жойлашган «Эскиараб мевалари» фермер хўжалиги 2010 йилда ташкил топган. Б.Жўрабоев раҳбарлик қилаётган мазкур фермер хўжалигида ҳозирда 6,6 гектар ер майдонида етиштирилаётган шафтоли, ўрик, узум, олма ва нок каби сифатли мевалар нафақат ички бозорда харидоргир, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Россия каби давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Экспорт – иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омилидир. Мамлакатимизда экспорт фаолиятини енгиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чоралар натижасида ўтган йили экспорт ҳажми 14 миллиард 258 миллион долларни ташкил этиб, 13,6 фоизга ўсган. Кейинги икки йилда экспорт географияси 50 та давлатга кенгайиб, 140 тага етган. Экспортга 120 та янги турдаги маҳсулот чиқарилган.

2019 йил 6 феврал куни Президентимиз раислигида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда экспорт ҳажмини ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида хориж тажрибасидан келиб чиқиб, экспорт қилувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Экспортёрлар ассамблеяси ташкил этилиши белгилаб олинди. Бундан ташқари, мазкур йиғилишда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда экспорт бўйича доимий ишлайдиган штатлар ташкил этилиши ҳам назарда тутилди.

Тажрибали фермер Б.Жўрабоев ҳам Юртбошимиз раҳнамолигида экспорт ҳажмини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан унумли фойдаланиб, жорий йилда ҳам ўз хўжалигида етиштирган меваларнинг хорижий давлатларга экспортини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Фермер доимо изланишда ва ҳаракатда. 2018 йил охирида мазкур фермер хўжалигида чет эл инвестициялари грант маблағлари ҳисобидан қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи бир дона тик суғориш қудуғи чиқарилиб, фойдалани­шга топширилди.

– Лойиҳани амалга ошириш учун 99 580 АҚШ доллари сарфланди. Шундан 76 600 АҚШ доллари грант ва 22 980 АҚШ доллари фермер хўжалигининг маблағлари ҳисобидан  амалга оширилди, – дейди фермер    Б.Жўрабоев. – Халқимиз дастурхони тўкинлиги йўлида меҳнат қилаётганимиздан хурсандмиз.   «Интилганга толе ёр», деган мақол бежиз айтилмаган. Биз ҳам яқин келажакда фермер хўжалигимизни янада кенгайтириш, мева навларини кўпайтиришни ният қилганмиз.

Фермер хўжалигида грант лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида 3 та янги ишчи ўрни яратилди. Эндиликда қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи тик суғориш қудуғидан суғориш қийин бўлган боғ майдони доимий сув билан таъминланди.

30

Юртимиздаги қулай инвестициявий муҳит нафақат хусусий сектор равнақи, балки Ватан тараққиёти ­ва аҳоли фаровонлигига ҳам хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнингбешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонидан ҳам руҳланган фермер хўжалиги деҳқонлари жорий йилда ҳам ўз олдиларига улкан режалар қўйишган. Уларнинг мазкур Давлат дастурининг ижросини таҳминлашга қўшадиган ҳиссалари салмоқли ва меҳнатлари самарали бўлишига ишонамиз.

40

Ҳа, “Ҳаракатда баракат”, деганларидек, миришкор деҳқонларимиз уларга яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланмоқдалар, томорқаларимиз, боғларимиз яшнамоқда, дастурхонларимиз эса тўкин-сочин бўлмоқда.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

«Давр овози» газетаси мухбири.

Суратларда: «Эскиараб мевалари» фермер хўжалигининг қуёш панеллари ҳамда қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи суғориш қудуғини кўриб турибсиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика