ЛОЙДАН ТАРАЛГАН СЕҲРЛИ ОҲАНГ

Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан

IMG_1260

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар” дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида йиллар давомида ўзларининг такрорланмас санъат асарлари билан дунёни лол қолдириб келаётган риштонлик уста-кулоллар ҳам талай ибратли ишларни амалга оширмоқдалар.

Кулолчиликка ихтисослашган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Р плюс КОРОН” корхонаси раҳбари Равшанжон Тожиддинов мухбиримизга корхона ва унинг бугунги фаолияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– 1994 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланаман. Ўша йиллари асосан идиш-товоқлардан иборат маҳсулотларимизни Самарқанд шаҳрига олиб бориб сотар эдик. Эндиликда эса…

Йигитлик чоғимда дадамнинг акалари, моҳир ҳунарманд, кулол Абдурашид амакимга шогирд тушиб, шу соҳага қизииб, унга меҳр қўйганман. Қолаверса ота-боболаримиз азалдан кулолчилик билан шуғулланишган. Уларнинг анъаналарини биз – бугунги авлод давом эттиришимиз керак.

Дадам ҳам, бобом ҳам узоқ йиллар Риштоннинг Мискин маҳалласидаги кулолчилик заводида ишлашган. Оилада кулолчиликни давом эттириш менинг чекимга тушган экан, аввало дадамнинг дуоларини, усталарнинг фотиҳаларини олиб, мана 27 йилдирки кам бўлмаяпман, шунисига шукур.

Анча йиллар аввал машина сотиб оламан деб йиғиб юрган пулим бор эди. Бундан хабар топган поччам машина олишга ҳали улгурасиз, аввал асосий ишни қилинг. Мана, собиқ АПКнинг биносидаги тикувчилик цехи биноси бўш турибди. Шуни сотиб олинг-да, ота-боболаримиз ишини давом эттиринг, деб маслаҳат берди. Шундай қилиб ўша пулга бинони сотиб олиб, 4-5 киши бўлиб иш бошлаганман.

Илгари собиқ иттифоқ даврида ҳунармандларга, хусусан кулолларга бугунгидек эътибор берилмас эди. Бугун Президентимиз шарофати билан яқин қўшни давлатларга йўллар очилди. Энди ўзимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни хорижга бемалол олиб бориб, сотишимиз учун барча имкониятлар яратилди. Илгари телевидениеда халқаро кўргазмаларни кўриб, ҳавас қилар эдик. Бугун эса ана шу анжуманларда ўзимиз ҳам иштирок этяпмиз.

Айни кунларда корхонамизда 30-40 нафар ёшлар билан иш юритяпмиз. Ҳар бир давлатнинг миллий менталитетидан, анъанасидан келиб чиқиб, маҳсулотлар тайёрлаймиз. Бунинг учун ҳамма имкониятларимиз бор. Буюртма берувчиларнинг дидига мос, нақшинкор қилиб кулолчилик маҳсулотларини харидор япониялик  бўладими, Кореяликми – кўнглидагидек тайёрлаб берамиз.

IMG_1244

Бундай ўйлаб кўрсак, корхонамизда ишлаб чиқарилаётган кулолчилик маҳсулотларини сотишдан келётган даромад эвазига иш юритсак кун, ой, йилдан ютқазиб қўяр эканмиз. Кредит  олмасак – кўп нарсадан орқада қолиб кетишимизни инобатга олиб “Микрокредитбанк”нинг Риштон туман бўлимидан корхонамизни янада ривожлантириш мақсадида 240 млн сўм кредит олдик. Дастлабки хисоб-китобларга кўра олган кредитимизни қайтариш бўйича бир йил олдинга чиқиб олибмиз, ойма-ой қайтаряпмиз.

Бугунги кунда 200 хил турдан зиёд кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимизнинг шакли, кўринишига қараб турларга ажратилади. Яъни, 4 хил категория бор: арзонроқ, ўртача, қимматроқ  ва янада қиммат. Ҳар бир маҳсулот яратилиши учун кулолдан алоҳида меҳнат, қунт, сабр сарф қилинади. Қачонки маҳсулотни яратиш кўп меҳнат талаб этса, нархи ҳам шунга яраша ошиб бораверади. Мақсадимиз юртимизга келган хорижлик меҳмон – турист пулига яраша маҳсулот сотиб олсин. Бунинг учун бизда маҳсулотларимиз етарли.

Икки томонлама тузилган шартнома кўра пулларни корхонамизнинг Фарғона шаҳар “Миллий банк”даги ҳисоб рақамига тушириб бергани учун ҳозир ишлаб чиқарётган маҳсулотларимизни Исроил давлатига экспорт қиляпмиз. Яқинда Кореяга ҳам маҳсулотларимизни юбордик. Ҳозир 2000-3000 АҚШ долларигача бўлган маҳсулотларимизни  бемалол экспорт қилиб очиқ сотишимиз учун барча имкониятлар бор. Шу билан бирга оз-оздан Италияга ҳам етказиб бердик. Харидорларимиз кўпайиб боряпти ва бу бизни қувонтирмоқда.

2017 йилда Исроил давлатида мижозимиз ташаббуси билан кулолчилик маҳсулотларимиз кўргазмасини ташкил қилдик. Ўша мижозимиз барча маҳсулотларимизни ўзи сотиб олди. Кўргазма ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Ўша давлатда Ўзбекистондан бориб яшаётган ватандошларимиз роса хурсанд бўлишди, яхши фикрлар билдиришди. Оддий Риштон тупроғига ишлов бериб, санъат асарига айлантирганимиз ҳаммани лол қолдирди.

Кузатувларимизга кўра хорижлик туристлар оқими ўтган 2018 йилда сезиларли даражада кўпайди. Бу яхши албатта. Чунки қанча турист кўп келса биз каби ҳунармандларга ҳар тарафлама яхши.

Бугун Президентимиз тадбиркорларга катта имкониятлар яратиб бермоқдалар. “Қўрқма, ортингда мен турибман”, “Битта ишчи ўрнини яратганни бошимга кўтараман” деган фикрлари бизга далда бўлди.

DSC00185

Бугунги кунда топган даромадимизни корхонамизни реконструкция қилишга, ишхонамизни тиклашга, ривожига, қайта қуришга, чиройли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга сарфлаяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентиннг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра жорий йилнинг сентябр ойида Қўқон шаҳрида биринчи марта Ҳалқаро ҳунармандлар фестивалига тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганмиз. Чунки биз бу каби тадбирларга бефарқ эмасмиз. Анжуманда, ўзимизнинг чиройли ва бетакрор кулолчилик маҳсулотларимиз билан қатнашиб, хорижлик туристлар ва меҳмонларга Ўзбекистонликлар қўл меҳнати билан нималарга қодир эканликларини амалда намойиш этамиз, албатта.

Яқинда Россиянинг “Мир” телеканали орқали риштонлик кулоллар ҳақида ярим соатлик кўрсатув намойиш этилди. Шунда мухбир кулолга бир савол билан мурожаат қилди:

-Риштон кулоллари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар республикадаги бошқа кулолларникидан фарқи нимада?

Шунда кулол қўлига каттагина сопол товоқни олиб, бир чертди. Ундан шундай жарангдор овоз чиқдики, бир неча дақиқагача бу овоз пасаймади.

-Мана фарқи, – деди кулол юзида табассум билан. – бизнинг товоқларни чертганда сеҳрли овоз чиқади, гўё куйлайди. Бу куй, бу овоз ҳар қандай кишини сеҳрлаб қўяди.

Корхонамизда меҳнат қилаётган ёшлар менинг бойлигим, бахтим. Қолаверса бу ерга келган меҳмон бирор нарса харид қилиб, унга маҳлиё бўлиб, “отангга раҳмат, қўлинг дард кўрмасин, кулол”, деганда ҳамма заҳматларим, чарчоқларим унутилади.

Корхонамизда янгилик яратганни ҳамиша рағбатлантириб борамиз. Келаси ҳафта жамоамизни Шоҳимардонга, кейин Самарқанд ва Бухорога саёҳатга уштиряпмиз.

Ёшим 42 да. Шу ёшга кириб 20 дан ортиқ давлатларга бориб, маҳсулотларимизни тарғиб қилдим. Ўша пайтларда, Ватанингдан анча узоқ юртларда Ўзбекистонимизнинг байроғи ҳирпираб турса, кўзингдан ёш чиқиб кетар экан.

Мен каби кўплаб кулолларнинг олиб борган тарғиботи самарасини қарангки, эндиликда туристлар ўзлари бизни – ҳунармандларни қидириб, маҳсулотларимизни сўраб келишяпти. Бу эса биздан янада кўпроқ ишлашимизни, изланишимизни талаб қилади, албатта.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатни “Фарғона ҳақиқати” махсус мухбирои Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ ёзиб олди.

 

Суратларда: Корхонанинг фаол ишчилари ва маҳсулотлар кўргазмаси.

 

Муаллиф олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика