ФАРҒОНА ВОДИЙСИДАГИ ЗИЁРАТ МАНЗИЛГОҲЛАРИ

IMG_1267Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Президентнинг 2017 йил 16 августидаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ўтган йил февраль ойининг ўзида Президентнинг шу соҳага доир 4та муҳим фармон ва қарори қабул қилингани ҳукуматнинг туризм ривожига юксак эътиборидан далолат бўлди. Ушбу қарорлар билан соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, ички туризмни янада ривожлантиришга кўплаб имтиёзлар, енгилликлар берилди. Шу жумладан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Фармон ва Қарорлар ижроси ҳудудларда қизғин давом этмоқда. Фарғона вилоятининг ички туризм салоҳияти ҳақида сўз борганда Бувайда туманидаги бир нечта зиёратгоҳларни санаб ўтиш жоиз.
Бувайда тумани, Бачқир қишлоғида жойлашган Шоҳ Жарир мақбараси ҳам қадимда ҳудди Биби Убайда зиёратгоҳи сингари ўзининг салобати ва кўриниши билан ажралиб турган. Пошшопирим – Шоҳ Жарир мажмуаси асосан икки ҳовлидан тўғри бурчакли ҳовлидаги ўн бешинчи асрда қурилган пештоқли гумбазли дарвозахона ҳамда унинг ён томонига йигирманчи асрда қурилган очиқ масжиддан ва кўп қиррали ҳовлидаги 15-16 асрларга оид қабр ва даҳмалардан иборат бўлган. Масжид тархи тўғри бурчакли хонақоҳ ҳамда шифти маҳаллий услубда ишланган уч томонли айвондан иборат бўлиб, уни 44 та устун кўтариб туради. У Фарғонага хос диний иншоотлар услубида қурилган. Тархи тўғри бурчакли, бир томонлама поғонали қилиб қурилган мақбара биноси (18 х 8 м) шимол-жануб ўқи бўйлаб жойлашган. Бош кириш томони бўйлама ўққа жойлашган ва архитектура шакллари билан ажратилмаган. Мақбара ташқи қиёфасининг ўзиёқ унинг зиёратхона ва гўрхонадан иборат эканлигидан далолат беради.

Зиёратхона тархи чортоқли (5,2 х 5,2 м) бўлиб, девор сатҳига чуқур равоқли токчалар ишланган, қабр жойлашган хона тархи эса тўғри бурчакли (4,3 х 4,3 м) ганч билан сувалган икки хонага ёруғлик шаклдаги безакдор панжаралар ўрнатилган равоқли дарчалардан тушади. Икки тавақали ёғоч эшиклар юзароқ ўйма нақшлар билан безатилган. Мақбара ташқариси сомонли лойсувоқ қилинган.

Шу сабабдан ҳам Қўқон хонлиги даврига доир ёзма манбаларда мазкур мозорни хон ва унинг ахли аёнлари томонидан ҳар доим зиёрат қилиб турилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Пошшопирим мақбарасидаги қабрнинг оёқ томонида қора мурч дарахти ўсиб чиққан. У жуда ҳам сермева ва сер уруғ бўлиб пишади. Унинг ким экканлиги ҳозиргача ҳеч кимга маълум эмас. Орадан неча аср ўтди, қанча иссиқ-совуқ кунлар ўтди, бироқ ҳозирги вақтгача ҳам ўз холатини йўқотгани йўқ. Кекса авлод вакиллари унинг қандайдир бир илоҳийлиги бор деб билишар экан.

Зиёратгоҳ дарвозасининг кун ботиш томонида, мақбаранинг рўпарасида қайнар булоқ қайнаб чиқиб туради. Ушбу булоқнинг суви ҳар хил тошма касалликка чалинганларга шифо бўлар экан.

Маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганимизда зиёратгоҳдан 500 метр нарироқда Олтинқўрғон тепалик деган жойда ёввойи тикан ўсиб чиққан. Уни оддий халқ “Тўпчангал” деб аташади. У ерга ўтиб номаъқул ишлар билан шуғулланганлар зиён-заҳмат кўради деб биладилар.

Яна бир диққатга сазовор зиёратгоҳлардан Бувайда туманининг Бастом бува қишлоғида жойлашган Бастом бува ёдгорликларидир.

56

Ушбу зиёратгоҳ ўрта асрлар меъморий ёдгорликларидан бири бўлиб, Қўқон хонлиги тарихига доир ёзма манбаларда Султон Боязид (Бояз) Бастомий номи билан тилга олинади. Масалан,Қўқон тарихнавислиги мактабининг энг машҳур намояндаси бўлмиш Хонзода Муҳаммадҳакимхон ибн Маъсумхон Маҳдумий Аъзамий қаламига мансуб бўлган “Мунтаҳаб ат-таворих” (Сайланган тарихлар китоби) номли асарида бу ҳақда жумладан шундай дейилган: “Шералихон у ердан катта дабдаба ва шон шавкат билан Сайхун дарёсидан кечиб ўтди ва Султон Боязид Бастомий номини олган мавзега кириб келди. У ердан эса неча ҳашамат ва тажаммул билан пойтахт Хўқандга юзланди”. Қўқон хонлиги тарихига доир архив ҳужжатларида зиёратгоҳ Султон Бояз Бистомий, Султон Бояз Бистом номлари остида қайд этилган. Мазкур ҳужжатларда Султон Бояз Бистомий мозорида ўтказилган маросимлар билан боғлиқ маълумотлар сақланиб қолган. Оддий халқ вакиллари билан суҳбатлашганимизда ҳар йили августь ўрталарида Фарғона вилоятининг турл туманларидан одамлар келиб қумга тушадилар. Бу ҳудуд сувсиз чўлдан иборат бўлиб, қум барханлари кўчиб юради. Шундай барханлардан бири Бастомбува мақбарасини ҳам қуршаб олган. (Ҳозирги вақтда қум жуда оз қолган)

Бастомбува зиёратгоҳи билан боғлиқ икки хил қараш мавжуд. Биринчисига кўра, Бастомбува Пошшопирим – Шоҳ Жарир (Шоҳ Жалил) нинг акаси ёки тоғаси, яъни унинг онаси Бадиъабонунинг акалари бўлган эмиш. Бу ҳақда И. Азимов зиёратгоҳнинг меъморий кўрининшига таъриф бераётиб қуйидагиларни келтиради:

“Шу ерлик кексаларнинг ҳикоя қилишича, бу ерга Шоҳ Жалилнинг оғаси дафн этилган. Мақбара қурилишини Амир Темур номи билан боғлашади, лекин ҳозиргача бинонинг қачон қад кўтаргани ҳақида тарихий маълумотлар топилмаган. Шунга қарамай меъморий шакли, тузилиши ва қурилиш материалларига қараб мақбарани XV-XVI аср ёдгорлиги деб тахминлаш мумкин. Мақбаранинг маҳобатли пештоқи ва унинг икки ёнидаги ғўласимон миноралари (гулдасталари) шарқ томонга қаратиб қурилган. Бино тарҳи тўғри бурчакли (15 х 7,2) пишиқ ғиштдан гумбазли қилиб қурилган икки хонадан: мехробий даҳма ва масжиддан иборат. Зиёратхона тарҳи чортоқ, гўрхонаники эса тўғри бурчак шаклида. Мақбаранинг безаклари йўқ ҳисоби, фақат пештоғида кўп қиррали юлдуз ва айланалардан иборат ўймакор безак сақланиб қолган. Бинонинг маҳобатли шакли унинг архитектура таъсирчанлигини оширган”.

Яна бир ривоятга кўра, Бастом бува Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан бўлиб, Амир Темурнинг пирларидан бўлган экан.

Бастом бува зиёратгоҳининг Боязид Бистомий номига нисбат берилиши аслида туркий шайхлардан бири юқорида номи зикр этилган Хожа Боязид номи билан боғлиқ бўлса керак.бу ном кейинги узоқ тарихий тараққий жараёнида ўзгариб, Боязид Бистомий ном билан аталиб кетган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Маҳаллий халқ билан суҳбатлашганимизда нотинч, номуроса оила соҳиблари бу ерга келиб ўзлари учун руҳий куч-қувват ва таскин топадилар. Бахти очилмаган қизларимизнинг бахти очилади.

Бозордан бир куни 100 та кўчат олиб келиб экдик, етмади. Яна 50 та олиб келиб экдик. Яна бир биродаримиз бизга 50-60 та кўчат эҳсон қилди. Уни ҳам шу ерга олиб келиб қўйдик. Нимадир бўлди-ю, кўчат экиш эсдан чиқиб, 3-4 кун орадан вақт ўтиб кетди. Биз таваккал кўчатни эка бошладик. Азизлар назари тушибдими, барокот бериб кўчатлар гуркираб кўкариб кетди, деди Илёс ака Назаров суҳбат давомида.

Бастом бува зиёратгоҳи тарихий обида сифатида давлат муҳофазасига олиниб, таъмирланмоқда ва атрофи ободонлаштирилмоқда. Зиёратчиларнинг ташрифи йил 12 ой давом этмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз ушбу, зиёратгоҳларнинг ўзига хос расмий ва норасмий тарихи мавжуд. Бироқ, уларнинг ҳар бирининг замирида халқимизнинг буюк эътиқоди ҳамда авлиёларга бўлган юксак эҳтироми ётади. Зеро, зиёратгоҳлар азалий қадриятларимизнинг асл намуналарини ва анъанавий, миллий урф-одатларимизни ҳам ўзида мужассамлаштирган.

Ички ва зиёрат туризми соҳасидаги қатор имтиёз ва ислоҳотлар натижаси ўлароқ, зиёратчилар оқими баҳор фаслидан бошлаб ҳаддан ташқари кўпайиши кутилмоқда. Унда узоқ яқиндан ҳар хил касб-ҳунар эгалари келиб жонлик сўйиб қозон қайнатишади. Атрофдаги қирқдан ортиқ қишлоқдан вафот этган кишилар шу ерга дафн этилади. Мустақиллик туфайли муборак Ҳаж сафарига борувчиларнинг ҳам мана шу ердан дуолар олиб жўнаб кетиши одат тусига кириб қолди.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика