Шоҳжаҳон Эргашев қийин кечган жангда ғалаба қозонди

shoh644

Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев (16-0, 14 КО) ўзининг навбатдаги жангини ўтказди.

Канзасдаги Малвейн шаҳрида бўлиб ўтган бокс кечасида у америкалик Майкал Фоксга (19-1, 5 КО) қарши рингга чиқди. Рақибидан 14 см пастроқ бўйга эга бўлган Шоҳжаҳон Эргашев (179 см унинг бўйи, Фокс 193 см) тарозида роппа-роса 64,4 кг тош босди. Қизиғи унинг рақиби Фокс ҳам худди Эргашев каби 64,4 кг вазнда қайд этилган эди.

Супер енгил вазн тоифаси қоидаларига кўра, боксчи жаҳон чемпионлиги камари учун 63,5 кгдан ўтиб кетмаган вазнга эга бўлиши лозим. Рейтинг жангларида эса икки рақиб промоутерлари келишуви билан вазн танлови ўзгариши мумкин Эргашев ва Фокс промоутерлари жанг олдидан айнан -64,4 кг (142 lbs) бўйича келишиб олишганди. Тарозида айнан шу кўрсаткич икки спортчида ҳам бир хилда қайд қилинди.

10 раунд давом этган жангда Шоҳжаҳон бироз устунликка эга бўлди ва бу якунда ҳакамлар очколарида ҳам ўз аксини топди. Учрашув АҚШнинг Showtime телеканали ҳамда Ўзбекистон МТРК тасарруфидаги Sport телеканали орқали трансляция қилинди.

Уч нафар ҳакам бир овоздан 96-94, 98-92, 98-92 натижалари билан Эргашев ғалабасини қайд этди. Натижада Шоҳжаҳон Эргашев ўзининг профессионал боксдаги 16-ғалабасини қўлга киритди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика