“Запрет на въезд в РФ” – бу Миграция масалалари бўйича РФ ИИВ бошқармаси (аввалги “ФМС”)нинг базасида чет давлат фуқаросининг Россияга кириш ва бу ерда яшаш учун маълум муддатга рухсат йўқлиги ҳақидаги белги. “Запрет”, яъни таъқиқ, чет давлат фуқаросининг қонунга хилоф хатти-ҳаракати учун белгиланадиган маъмурий жазо кўринишларидан бири ҳисобланиб, сўнгги кунларда энг кўп қўлланиладиган чорадир. Федерация ҳудудида бўлишликни таъқиқловчи бу чора вақтинчалик жазо тури ҳисобланади ва унинг муддати қонунбузарликнинг моҳиятидан келиб чиқиб, бир неча ойлардан 10 йилгача белгиланиши мумкин.
Таъқиқ бир қатор сабаблар туфайли қўйилади. Агар қўйилган таъқиқ чет давлат фуқароси томонидан асоссиз деб ҳисобланса судга мурожаат қилиб, шикоят аризасини қолдириши мумкин. Чет давлат фуқароси унга нисбатан қўйилган таъқиқ ҳақида билмаслиги ҳам мумкин, чунки қонунан ушбу чора қўлланилгани ҳақида ҳуқуқ тартибот органлари маълумот беришга мажбур эмас.
Кўпинча чет давлат фуқаролари уларга нисбатан қўйилган таъқиқ ҳақида Россия Федерациясининг чегара ҳудудида хабар топадилар. Бундай вазиятда таъқиқ ҳақида забар топилгандан кейин мусофирга орқага қайтишдан бошқа чора қолмайди. Аммо “запрет” қўйилган-қўйилмагани ҳақида ҳар доим онлайн тарзида аввалдан текшириб, билиб олиш мумкин. Бунинг учун масалалари бўйича РФ ИИВ бошқармаси (аввалги “ФМС”)нинг расмий сайтидаги интерактив БЕПУЛ хизматдан фойдаланиш керак. Бу ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.
“Запрет”, яъни таъқиқни ким қўяди?
Чет давлат фуқаросига нисбатан Россияга келиш учун таъқиқни Федерациянинг бир қатор давлат органлари қўйиши мумкин. Лекин уларнинг орасида ушбу чорани қўлловчи энг асосий орган аввалги “ФМС” (Федерал миграцион хизмат) ҳозирги Миграция масалалари бўйича РФ ИИВ бошқармаси ҳисобланади. Қуйидаги давлат органлари ҳам, чет давлат фуқаросига нисбатан таъқиқ чорасининг қўлланилиши учун даъвогар бўла олади:
- МВД России – Россия Ички Ишлар вазирлиги
- ФСБ России – Россия Федерацияси Хавфсизлик хизмати
- Минобороны России – Россия Мудофаа вазирлиги
- Росфинмониторинг – Россия Федерацияси Молиявий мониторинг хизмати
- СВР России – Россия Федерацияси Ташқи Кузатув хизмати
- Минюст России – Россия Федерацияси Юстиция вазирлиги
- МИД России – Россия Федерацияси Ташқи Ишлар вазирлиги
- ФСКН России – Россия Федерацияси Наркотик бўйича федерал назорат хизмати
- Роспотребнадзор – Россия Федерацияси Истеъмолчилар ҳуқуқини ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича федерал назорат хизмати
- ФМБА России – Федерал тиббий-биология агентлиги
Ҳар бир орган томонидан таъқиқ ҳақида қарор ички тартиб регламентига биноан қабул қилинади.
Таъқиқ қўйилиши учун сабаб бўла оладиган ҳолатлар қайсилар?
Россия қонунчилиги бўйича қонунбузарликка йўл қўйган чет давлат фуқароларига Федерацияга киришга таъқиқ қўйилиши учун кўп сабаблар кўрсатилган. Бу борада “Россияга кириш ва чиқиш ҳақидаги” ФЗ-114 Федерал Қонунига мурожаат қилиш мумкин.
Таъқиқ (“запрет”) қўйилишида энг кўп кўрсатиладиган сабаблар қуйидагилар:
- Чет давлат фуқаросининг 90/180 қоидасига кўра, Россия Федерациясида бўлиш тартибини бузиши. Яъни 90 кунлик “регистрация” тугагач, кейинги уч ой ўтмасдан туриб, Россияга қайтиб келиши. Ёки уч ойлик “регистрация” тугагач, Россияни тарк этмаслиги, ушланиб қолиши каби ҳолатлар.
- Патент тўлови турли сабабларга кўра вақтида тўланмай, қолдирилиши.
- Чет давлат фуқаросининг узвийсиз (2 ва ундан ортиқ маротаба) ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши; кичик ҳуқуқбузарликлар, яъни жамоатчилик жойида чекиш ва алькоголь ичимликларини истеъмол қилиш, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш кабилар ҳам инобатга олинади.
- Агар чет давлат фуқароси ўзининг шахсий маълумотлари борасида ёки Россияга келишдан бўлган мақсади ҳақида нотўғри маълумот берган бўлса миграция базасига бу хатти-ҳаракати учун таъқиқ борасида белги қўйилади.
- Шунингдек, чегара ҳудудидан ўтаётган вақтда бож ва санитар қоидаларни бузганлик учун ҳам чет давлат фуқаросини Федерацияга киргазмай, қайтариб юборишлари мумкин.
Қуйидаги вазиятлар рўй берганида таъқиқ қўйилиши аниқ:
- Чет давлат фуқаросининг Россияга аввалги ташрифи мобайнида унга нисбатан реадмиссия жараёни тўхтатилган бўлса – бу кейинги уч йил учун таъқиқ қўйилишига асос бўлади.
- Чет давлат фуқароси қасддан жиноий иш содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган бўлса (жиноят қайси давлат содир этилгани аҳамиятсиз);
- Чет давлат фуқароси сохта ҳужжатлардан фойдаланган бўлса ва унга нисбатан Россияга келиши номақбуллиги ҳақида қарор қабул қилинган бўлса;
- Чет давлат фуқароси солиқ, жарима ва аввалги депортация харажатларини тўлашдан бош тортган бўлса;
- Ярим йил давомида чет давлат фуқароси Россияда 90 кундан ортиқ асоссиз яшаб келган бўлса;
- Чет давлат фуқаросига нисбатан реадмиссия шартномаси бўйича кетиш, депортация ёки Россияда мажбурий чиқариш (“выдворение”) қўлланган бўлса Федерацияга келиш учун таъқиқ 5 йил муддатида давом этади, агар келтирилган амаллар бир неча марта қўлланган бўлса (бир неча марта депортация қилинган бўлса), таъқиқ 10 йилга қўйилади.
Таъқиқ қўйилганини қандай қилиб билиб олиш мумкин?
Бугунги кунда чет давлат фуқароси унга нисбатан таъқиқ қўйилган ёки қўйилмаганини икки усулда мустақил равишда билиб олиши мумкин.
Биринчи усул ОНЛАЙН яъни Россия Федерацияси Ички Ишлар Вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бўлими сайтида интерактив тизим орқали билиб олишлари мумкин (мана бу ерда). Бу учун интернет тармоғида айтиб ўтилган хизмат саҳифасини очиб, ўз маълумотларини киргизишлари керак бўлади. Юлдузча қўйилган жойларга маълумот тўғри, айни паспортдагидек киритилиши шарт.
Иккинчи усул Россия Федерацияси Ички Ишлар Вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бўлимига таъқиқ борасида маълумот учун ёзма мурожаат этишларидан иборат. Ариза ёзилганда шахсий маълумотлар тўғри келтирилишига алоҳида эътибор беришни унутманг. Аризада албатта тўлиқ исм-шарифингиз, туғилган санангиз, фуқаролигингиз, жинсингиз ва паспорт маълумотларингиз келтирилиши жоиз. Бундай ариза билан Миграция бўлимига ўзингиз ёки сизнинг номингиздан ишончнома (“доверенность”) орқали бошқа шахс ҳам мурожаат қилиши мумкин. Топиширилган аризага Миграция бўлими ҳодимлари 10 кун ўтиб, ёзма жавоб беришлари жоиз.
Таъқиқни ечиш мумкинми?
Россияга кириш учун қўйилган таъқиқни ечиш мумкин, лекин бахтга қарши ҳамма вазиятда ҳам эмас. Бу ҳақида батафсил қуйида сўз юритамиз.
Таъқиқни олиб ташлаш учун қандай асосларга эга бўлиш керак?
Таъқиқни ечиш учун энг кўп келитириладиган асослар қуйидагилар ҳисобланади:
- Чет давлат фуқаросининг Россияда яшовчи ва Россия фуқароси бўлган яқин қариндошларининг борлиги. Яқин қариндошлар дейилганда, турмуш ўртоғи (рамсий никоҳ билан), қонуний фарзандлари ва ота-онаси тушунилади. Опа-сингил, ака-ука, буви ва буваларнинг ҳам Россия фуқароси эканига таяниб таъқиқни олиб ташлаш мумкин. Фақат улар айнан таъқиққа тушган чет давлат фуқароси билан бирга яшашлари ва унинг қармоғида эканини исботлаб бериш керак бўлади. Шунингдек таъқиқни Россия фуқароси эмас балки “ВИД НА ЖИТЕЛЬСТВО” Россия муқим яшаш ҳуқуқи билан яшаётган яқин қариндошларига таяниб ҳам ечиш мумкин.
- Миграция хизмати орқали чет давлат фуқароси патент билан расмий (!) ишлаётган бўлса ва патент солиғи учун кейинги ой пули тўланган бўлса, бу сабаб билан ҳам таъқиқни ечиб бериши мумкин. Фақат таъқиқ учун сабаб бўлган ҳуқуқбузарлик у қадар катта аҳамият касб этмаслиги ва ўз вақтида жарима тўлови тўланиб, чет давлат фуқаросининг иш жойидан ижобий характеристика каби қўшимча тавсиялар бўлиши керак.
- Агар чет давлат фуқароси Россияда яшаш учун рухсатнома яъни “РВП” га ёки Муқим яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (“ВИД НА ЖИТЕЛЬСТВО”) га эга бўлса таъқиқ ечиш учун асос бўлади.
- Таъқиқнинг олиниши учун шунингдек, тез тиббий даволанишга муҳтожлик ҳам асос бўлади. Даволанишга муҳтожлик ҳам керакли тиббий маълумотлар билан тасдиқланиши ва даволанишга муҳтож бўлган шахс маълумотномалари орқали айнан Россия касалхоналарига йўлланма олган бўлса таъқиқнинг ечилиши муаммо бўлмайди.
- Шунингдек, Россияда давлат аккредитациясига (государственная аккредитация) эга бўлган ўқув даргоҳларида таълим олишлик ҳам таъқиқ ечилиши учун асос бўлади. Шунинг учун таълим олаётган талабалар бемалол таъқиқни бекор қилдиришлари мумкин.
Таъқиқни ечиш учун кўрсатиладиган барча сабаблар керакли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим. Бундай ҳужжатлар рус тилидан бошқа тилда расмийлаштирилган бўлса, албатта рус тилига нотариус орқали таржима қилиниб, судга ҳавола этилиши керак. Суд тўлиқ ҳужжатлар билан мурожаат этилгандагина таъқиқ борасида мурожаатингизни сизнинг фойдангизга кўриб чиқа олади.
Таъқиқни ҳеч кимнинг ёрадамисиз, мустақил равишда ечиш учун нима қилиш керак?
Россия Федерация органлари орқали сизга нисбатан Россияга келиш учун таъқиқ қўйилган бўлса тақдирга тан бериб, Ватанга қайтишингиз мумкин. Аммо таъқиқ ўринсиз бўлиб, кўпинча биз юқорида келтирган асосларнинг мавжудлигига қарамай чет давлат фуқаросининг ҳуқуқини чекланишига олиб келади. Бундай шароитда энг қулай ва кафолатли йўл бу миграция масалаларида ихтисосланувчи юристга мурожаат қилишдир. Лекин юристга мурожаат қилиш учун ҳаммада ҳам (айниқса мусофир бўлиб келган одамда) молиявий шароит бўлмайди. Мустақил равишда “запрет”ни олиб ташлаш учун қуйида босқичма-босқич барча ҳаракатларни тушунтириб ўтамиз.
1 босқич. Демак, энг биринчи навбатда, таъқиқ қўйилишининг сабаби ҳақида Миграция бўлимига расмий мурожаат қилиш керак бўлади. Агар таъқиқ борасида қўлингизда қарор бўлса, унда бу босқич сизга таалуқли эмас. Таъқиқ қўйилишининг аниқ сабабини кўрсатиб ўтишлари учун юбориладиган аризани чет давлат фуқароси шахсан ўзи ёки ишончнома (“доверенность”) орқали бошқа одам йўллаши мумкин. Аризани Миграция бўлимига олиб бориб, қолдиришингиз мумкин. Ариза қолдиргач, қабул қилинганлик ҳақидаги маълумотномани бериш мутахассислар томонидан берилмаса, сўраб олишни унутманг. Шунингдек, аризани Миграция бўлимининг сайти орқали ҳам йўллашингиз мумкин. Сайт орқали йўлланган аризага одатда тезроқ жавоб қайтарилади. Аризада албатта мурожаатингиз қайси қонунчиликка таяниб юборилаётганини кўрсатишни унутманг.
2 босқич. Аризангизга расмий жавоб олганингиздан сўнг таъқиқни ечиш учун асосингиз мавжуд эканига иқрор бўлишингиз керак. Таъқиқни ечиш учун қандай ҳолатлар асос бўлиши ҳақида юқорида сўз юритдик. Агар таъқиқни ечиш учун келтирилган асослардан бирига эга бўлсангиз, ушбу асосни тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишни бошлашингиз керак. Айтиб ўтганимиздек, бу борада ҳужжат ортиқчалик қилмайди. Агар исбот бўлувчи ҳужжатлар рус тилидан бошқа тилда расмийлаштирилган бўлса, уларни айнан Россиядаги нотариус орқали таржима қилишингиз керак.
3 босқич. Агар таъқиқни ечиш учун асосингиз етарли даражада бўлмаса, унда Миграция бўлими келтирган тартибда ҳаракат қилишингиз керак. Миграция бўлими Низомига кўра:
А) Агар чет давлат фуқаросига нисбатан орган вакиллари томонидан нотўғри (қонунга зид) хатти-ҳаракат содир этилган бўлса, бу ҳақида Миграция бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилинади. Агар сизга нисбатан қўйилган таъқиқ етарлича сабабсиз, ноқонуний равишда ёки хатолик билан қўйилган деб ҳисоблангиз ва буни исботлаб бера олсангиз, албатта Миграция бўлими бошлиғига ариза ёзиб, иддаоингизни баён қилишингиз керак.
Б) Ушбу аризага қўшиб, таъқиқни олиб ташлаш ҳақида ҳам алоҳида ариза тўлдирилиб, биринчи аризага қўшиб топширилади. Таъқиқни олиб ташлаш ҳақидаги ариза ҳам Миграция бўлими бошлиғи номига ёзилади. Аризаларни топшириб, қабул қилингани ҳақида қайдномисини олиб қолишингиз керак.
В) Иккала ариза ҳам топиширилгач, аризаларингизга жавобни кутишингиз керак. Агар келган жавобда мурожаатингизга рад жавоби берилган бўлса, худди шу аризаларни Суд номини келтириб, Судга йўллашингиз керак бўлади. Судга ёзган аризангизда ҳам қайси ҳуқуқларингиз поймол бўлаётгани ва қандай сабабларга асосланиб, таъқиқни ечилишини иддао қилаётганингизни келтиришингиз керак бўлади. Ҳужжатлар тўплами ҳам юқорида келтирилган тартибда топширилади.
Миграция бўлимига таъқиқни ечилиши ҳақида мурожаат агар ҳақиқатдан ҳам миграция тизими ходимлари томонидан хатолик ўтиб, “запрет” қўйилган бўлса, қониқтиралади ҳамда айнан миграция бўлимининг ўзида таъқиқ ечилади.
Агар Миграция бўлимига юборилган мурожаатга рад жавоби олинганда, судга ушбу аризаларни йўллаш мумкин. Кўпинча таъқиқ айнан суд орқали ечилади. Суд қарор қабул қилишда деярли барча вазиятни инобатга олади. Масалан, чет давлат фуқаросининг Россиядаги фаолияти ва бу ердаги мақсади, Россиядаги оилавий аҳволи, қариндошлик муносабатлари, чет давлат фуқаросининг ўз Ватанидаги вазият ҳамда чет давлат фуқаросининг Ватанга қайтарилгандан кейинги аҳволи каби турли сабабларга таяниб, қарор қабул қилади. Яъни Суд қарор қабул қилишда ҳамма, ҳаттоки биз аҳамиятсиз деб қараган сабабларни инобатга олади.
Таъқиқ қанча муддатда ечилади?
Одатда таъқиқнинг ечилиши ҳақида ишлар умумий ҳисобда бир ой ичида кўриб чиқилади. Миграция бўлими қоидаларига кўра, таъқиқ борасидаги аризалар 30 кундан кам бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши қайд этилган. Шунинг учун, агар сизга кимдир 3-4 кун яъни бир ойдан кам бўлган муддатда таъқиқни ечиб беришни таклиф қилса, эҳтиёт бўлинг, ундай одамларга ишонманг. Судга ариза топширилгач, суд жараёни 30 кун ичида белгиланади. Белгиланган кун келгач, суд жараёни 1 кунда вазиятни ўрганиб, ўз қарорини эълон қилади.