“Запрет” тушунчаси ҳеч бир муҳожирга бегона тушунча эмас. Рус тилида “Запрет на въезд в Российскую Федерацию” дея тилга олинадиган бу таъқиқ, қонунбузарлик билан назоратга тушган шахсларга қўлланилади. Запрет қўйилди деган уч йилдан бошлаб 10 йилгача муддатга Россияга кириш таъқиқланади деганидир. Аксарият ҳолларда уч йиллик таъқиқ қўлланилса, баъзида ундан ортиқ муддат ҳам қўлланилиши мумкин.
Кўпинча муҳожирлар таъқиқ борилигини аэропорт ёки бошқа чегера постларида билиб қолишади. Чегара хизмати ходимлари одатда таъқиқ сабабини тушунтириб бера олмайдилар. 1996 йил 15 августдаги “Россия Федерациясига кириш ва Россия Федерациясидан чиқиш тартиблари ҳақида”ги N 114-ФЗ Федерал қонунининг 26-моддасида таъқиқ қўйилишига олиб келувчи сабабларнинг ёпиқ рўйхати берилган.
Запрет қўйилиши учун асос бўлувчи энг оммалашган сабаблар қуйидигалардир:
- Ўзи ёки РФ ҳудудига кириш мақсади ҳақида ёлғон маълумот тақдим этиш;
- Чегарани кесиб ўтиш қоидаларига риоя қилмаслик;
- Россияда 3 йил мобайнида камида икки марта маъмурий жавобгарликка тортилиш;
- РФ да вақтинча яшаш муддати тугагандан сўнг 30 кундан ортиқ бўлиш (мустасно тариқасида тан олинувчи ва РФ да қонуний яшаш муддатини узайтирувчи бир қатор жиддий ҳолатлар мавжуд); 5. Россияда фаолияти ёқланмайдиган (фаолияти номаъқул деб топилган) ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш.
2015 йил 3 июндан бошлаб амалий кучга кирган 5-бандга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қонуннинг аввалги таҳрирларида ёқланмайдиган ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш тақиқ учун асос бўлмас эди. 2-банд “Чегарани кесиб ўтиш қоидаларига риоя қилмаслик” қоидабузарлигини бартараф этишга қадар тақиқни ўз ичига олади, 3 ва 4-бандлар эса 3 йил муддатгача кириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун сабаб бўлади. Бироқ бу тақиқларни бекор қилиш имконияти мавжуд.
Албатта “запрет” ни бекор қилиш учун ҳам асослар мавжуд.
Таъқиқ мавжудлигини ФМХ веб-сайтидаги интерактив хизматлар ёрдамида билса ҳам бўлади. Бироқ, у ерда таъқиқ сабаби кўрсатилмайди. Сабабни аниқлаштириш учун ФМХБ (УФМС)га мурожаат қилиш керак, шундан сўнг таъқиқ қўйиш ҳақидаги қарорни бекор килиш учун ФМХ ёки судга 3 ой мобайнида ариза берилади.
Таъқиқни бекор қилиш учун қуйидаги асослардан бири бўлиши керак:
- РФ ҳудудида яшовчи Россия фуқаролигига эга яқин қариндошларнинг мавжудлиги;
- Турмуш ўртоғи ёки фарзандида Россия фуқаролигининг бўлиши;
- Таъқиқ муддатида РФ да яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (Вид на жительство), агар маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл кўймаган бўлса;
- Россиядаги давлат аккредитациясидан ўтган ўқув муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиш;
- Россияда даволанишни ўташ ёки даволанишни ўташ зарурати. Шикоят жараёни бир неча ой (олти ойгача) давом этиши мумкин, тажрибали юрист ёрдами эса бу жараённи тезлаштиришга имконият беради.