«ВЫДВОРЕНИЕ» – МАЪМУРИЙ ЧИҚАРИЛИШ ҲАҚИДА

Сўнгги вақтларда Россияда ишлаётганларга қўйиладиган чекловлар “запрет на въезд”, депортация ва “выдворение” ўртасида фарққа бормасдан кўп адашмовчилик юзага келмоқда. Мазкур уч хил чоранинг бир биридан фарқини билиб олиш керак.

Бу мавзуимиз айнан “выдворение”га тўҳталамиз.

Россия Маъмурий жавобгарлик кодекси (модда 3.10) да фуқароликка эга бўлмаган шахслар ва чет давлат фуқароларининг Федерация ҳудудидан ташқарига маъмурий чиқарилиш чораси нимадан иборат экани аниқ ифода қилинган. Ушбу чора икки йўсинда амалга оширилади:

  • мажбуран РФни тарк этиши
  • мустақил равишда РФни тарк этиши

Шундай қилиб, “запрет”, депортация, Федерация ҳудудида бўлиши номақбуллик каби чекловлардан фарқли равишда РФ ҳудудидан мажбуран чиқарилиш яъни “выдворение” -маъмурий жазо кўриниши ҳисобланади. Маъмурий жазо бўлгандан кейин эса бу чора бирор ташкилот, ФМС, ФСБ ёки шу тариқа бировнинг  хоҳиш истаги билан эмас балки Маъмурий жавобгарлик кодексига биноан айнан бир қонунни бузганлик учун ва ФАҚАТ СУД орқали яъни суд баёноти юритилган ва суд томонидан ҳукм ўқилган тарзда  қўлланилади.

Ҳозирги кунда маъмурий чиқарилиш яъни “выдворение”  РФ МЖ Кодексининг 18.8 ва 18.10 моддаларига (Россияда қонуний қолиш тартиби ва Россияда меҳнат қилиш тартибини бузганлик учун) кўра қўлланилмоқда.

Одатда “выдворение” муҳожирларга кейинг тартибда қўйилади:

“ФМС” ёки “МВД” ҳодимлари оммавий тарзда текширув олиб бораётиб, ҳужжатларингизни текширади ва бир неча аниқлаштирувчи саволлар беради. Сўнгра сизни ва балки бошқа сиз каби сўроқ қилинганлари биргаликда қаергадир олиб кетади. Ваҳолангки, суд биносига келиб қоласиз. Телевизорда биз кўриб ўрганган суд жараёнидан фарқли равишда жудаям тез ва камчиликнинг иштирокида суд бошланади. Судья ҳам ҳужжатларингизни олиб ўрганади ва бир нечта саволларни сизга беради. Жавоб берганингиздан кейин эса судья қандайдур сизга тушунарли бўлмаган сўзлар билан тез-тез ҳукмни ўқийди ва ундан сўнг қўлингизга қоғозларни тутқазишади. Кўпинча маъмурий чиқарилиш билан бирга маъмурий жарима (штраф) ҳам қўлланилади. Берилган қоғозлар ичида жаримани тўлаш учун реквизитлар ҳам кўрсатилган бўлади. Камдан-кам ҳолларда кейинроқ қўлингизга билет беришлари ёки қачон ва қаердан кетишни тушунтириб қўйишлари мумкин.

Агар сиз билан ҳам ушбу ҳол рўй берган бўлса, демак сизга ҳам “выдворение” қўлланилган бўлади. Аксарият ҳолларда чет давлат фуқаролари нима бўлаётганини тушунмайди ҳам, сабабини ҳам била олмайди… ваҳоланки “выдворение” чораси қўлланилган одам ариза ва бошқа чоралар билан ҳам келаси 5 йил ичида ундан қутула олмайди.

Нима учун беш йил? Чунки  Россия Федерациясининг “РФга кириш ва чиқиш тартиби ҳақида”ги 114 қонуни   (ст. 27, ФЗ-114 «О порядке выезда из РФ и въезда в РФ») нинг 27 моддасига кўра мамлакатдан маъмурий чиқарилиш айнан 5 йил муддатга амалга оширилади.

Россияни тарк этиш ёки маъмурий жаримани тўлашдан бош тортиш бефойда. Агар сизга иккинчи марта маъмурий чиқариш чораси қўлланилса,биринчи 5 йил устига яна 5 йил қўшилиб, Россияга келаси 10 йил умуман кела олмайсиз. Бевосита жазо бор жойда унинг амалга оширилишини назорат қилувчи тизим ҳам бўлади. Бу назорат билан Миграция хизмати бошқармаси (“ФМС” нинг янги номи), РФ Чегара хизмати (ФСБ – Погранслужба)  шуғулланади.

Мустақил равишда РФни тарк этиш йўли билан мажбурий чиқарилиш чораси кўрилганда 10 кун ичида РФни тарк этиш керак бўлади. Агар 10 кундан кўпроқ муддат Россияда ушланиб қоладиган бўлсангиз, бу ҳам қонунбузарлик саналиб, янги жарима ва қўшимча 5 йил белгиланади. Бироқ Россияга 5 йил тугамасдан қайтиб келсангиз, бу ҳатти-ҳаракатингиз жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. РФ ЖКнинг 322 моддасига кўра сизга 4 йилгача озодликдан маҳрум этилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

“Штраф” яъни жаримани тўламаслик эса уни сиздан мажбурий равишда олинишига сабаб бўлади. Агар кетгунингизга қадар мажбурий тарзда олиб улгурмаган бўлишса, Россия ҳудудига қайтганингиздан сўнг албатта талаб қилинади.

ҚАНДАЙ ҚОНУНБУЗАРЛИК УЧУН МАЪМУРИЙ ЧИҚАРИЛИШ ЧОРАСИ КЎРИЛАДИ

Кўпинча “выдворение” кейингги қонунбузарчликларда қўлланилади:

  • Россия чегарасидан ноқонуний равишда ўтилса;
  • РФ ҳудудида белгиланган тартибда қонуний яшаш режими  бузилса;
  • РФ ҳудудида белгиланган тартибда қонуний меҳнат қилиш режими бузилса;
  • Наркотик туркумига кирувчи ҳар қандай воситаларнинг оммалашуви, тижорати ва истеъмоли билан шуғулланилса ва бошқ.

Энг кўп қайд этилувчи сабаблар айнан шулардир. Булардан ташқари Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра бошқа сабаблар ҳам  кузатилиши мумкин.

КИМГА НИСБАТАН  МАЪМУРИЙ ЧИҚАРИЛИШ ЧОРАСИ КЎРИЛМАЙДИ

Бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларга кўра “выдворение” қуйидаги шахсларга қўлланилган ҳолда, уни судга шикоят мурожаати  олиб ташлаш мумкин:

  • Россия Федерациясида доимий истиқомат қилувчи қариндошларга эга бўлганлар;
  • Ҳарбийлар;
  • Россияда йўлланма орқали махсус тиббий амалиётни бошдан ўтказаётганлар;
  • Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлими талабалари.

Келтирилган рўйхатга кирувчи фуқаролар “выдворение” қўйилган кундан бошлаб 10 кун ичида  ҳукм қилинган суддан юқори судга норозилик шикояти ҳақида ариза топширишлари керак.

1998 йилнинг 5 майидан бошлаб Россияда кучга кирган “Инсон ҳуқуқлари конвенция”сининг 1 бўлим, 8 моддасига таянган ҳолда  Россияда доимий истиқомат қилувчи яқин қариндошларга эга бўлган шахслар уларга нисбатан маъмурий чиқарилиш чораси кўрилганда судга мурожаат этиб, ҳукмни бекор бўлишига эришишлари мумкин. Бу ҳуқуқни уларга инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди кафолатлайди.

Жиддий тиббий операция ва даъволанишга келганлар эса уларни назорат қилувчи шифохонадан тегишли ҳужжатларни тўплаб, судга мурожаат этишлари керак бўлади.

Талабалар билан боғлиқ ҳол ҳар доим ҳам “выдворение” нинг олиб ташланиши билан тугамайди, афсуски. Талабаларга қўйилган маъмурий чиқарилиш чорасини бир нечта суд жараёнларидан кейин ҳам олиб ташламаганларига гувоҳ бўлганмиз. Албатта юу ўринда “выдворение” нима учун қўйилганини ўрганиш керак. Чунки қонунни бузишликни талабалик билан оқлаб бўлмаслиги, албатта ҳаммага аён.  Аммо бу дегани, ҳаракат қилманг дегани эмас. Талабаларнинг “выдворение”дан озод бўлиш учун “ўқиш” деб аталувчи катта сабаби бор ва ундан фойдаланиш жоиз. Тушунадиган судья учраса, керакли ҳужжатлар тўплами тўғри шакллантирилган бўлса, ўқишингизни давом эттиришингиз учун “выдворение”ни сизга нисбатан олиб ташланишига эришиш мумкин.

МУҲИМ! Маъмурий чиқарилиш чораси чиқарилувчининг маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Агар маблағга эга бўлмаса уни таклиф этган томон яъни иш берувчи ҳисобидан Россиядан кетказилади. (Асос: от 25.07.2002 №115-ФЗ «О правовом положении иностранных граждан в Российской Федерации»)

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика