ПАТЕНТ ҲАҚИДА

ПАТЕНТ – НИМА У?

Патент бу Россия Федерациясига ишлаш учун виза талаб этилмайдиган давлатлардан келган фуқароларнинг қонуний фаолият юритишлари учун бериладиган ҳужжат.

Патент юридик шахслар (корхона,  ташкилот ва бошқаларда ишлайдиганлар учун) ёки жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркор билан ёки уй юмушлари, энагалик, квартира усталари каби ташкилотга эмас балки маълум бир шахслар билан ишловчилар учун) билан ишлаш учун берилади.  Корхонада ишлаш учун олинган патент билан “энага” бўлиб уй хизматида ишлаш мумкун эмас.

КИМГА ПАТЕНТ КЕРАК?

Божҳона Иттифоқига кирувчи Белоруссия, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари  фуқаролари Россияда патентсиз ишлашлари мумкун.  Қолган давлат фуқаролари эса қонун бўйича патент расмийлаштиришлари керак.

ПАТЕНТ АМАЛ ҚИЛИШ ҲУДУДИ

2016 йилдан бошлаб, патент ҳудудга боғлаб берилади (патентда кўрсатилади), яъни бир жойда олинган ҳужжат билан бошқа шаҳарда ишлаш мумкун эмас. Мисол учун, Москва шаҳрида олинган патент билан Московская область, Санкт-Питербургда олинган патент билан Ленинградская областьга кирувчи ҳеч қайси ҳудудда ишлаб бўлмайди. Демак бир шаҳарда олинган патент иккинчисида ўтмайди.

Бироқ, чет давлат фуқароси иккита патент расмийлаштириши мумкун:  ҳам Москва шаҳри, ҳам Московская областьда ишлаш учун.

Муҳим! Агар патентингизда бошқа шаҳар кўрсатилган бўлиб, ўзингиз бошқа жойда ишлаётган вақтингиз текширув ўтказилса, тегишли ҳудудда ноқонуний ишлаётган ҳисобланасиз ва сизга 7000 рубльгача жарима билан биргаликда Россиядан мажбурий жўнатилиш (выдворение) ёки Россияга 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга кириш тақиқ этилиши (запрет на въезд) билан жавобгарликка тортиласиз.

ПАТЕНТДА КАСБНИНГ КЎРСАТИЛИШИ

2016 йилдан бошлаб, патентда иш лавозими албатта кўрсатилади. Патентда кўрсатилмаган касб билан ишлаш мумкун эмас. Акс ҳолда ҳудди патентда кўрсатилган ҳудуддан ташқарида ишлагани учун қўлланадиган жазо кўрилади: 7000 рубльгача жарима билан биргаликда Россиядан мажбурий жўнатилиш (выдворение) ёки Россияга 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга кириш тақиқ этилиши (запрет на въезд) билан жавобгарликка тортиласиз.   

ПАТЕНТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ

Патент 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга берилади. Яъни патент билан муҳожир Россияда бир йил ишлаши мумкун.

ПАТЕНТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ

Патент бир йил ичида ойдан ойга солиқ тўловини (НДФЛ) тўланиши билан узайтирилади. Патент тўловини бирданига бир неча ойга тўлаб қўйиб узайтириш (масалан, бир ойникини тўладингиз, кейинги ой бир ойни эмас, 2,3,4,5,6,7,8,9,10,11 ойни пулини тўлаб қўйишингиз мумкун, албатта молиявий шароитингиз бўлса) ёки ҳар ой тўлаб узайтириш мумкун. Россиянинг ҳар бир субъектида патент учун тўлов ҳар хил нархда амалга оширилади. Қуйидаги жадвалда улар билан танишишингиз мумкун.

Patent to`lovi jadvali
(Rossiya subyektlarida patent solig`i jadvali)

Муҳим! Патент тўловини бир кунга ҳам кечиктириб бўлмайди. Бир кунга бўлсада тўлови кечиктирилган патент миграция хизмат базасида автоматик равишда бекор қилинади (анулллирование).

Патент тўлови (НДФЛ)ни қандай амалга ошириш ҳақида ушбу материалда ўқишингиз мумкун.

БИР ЙИЛ ТУГАГАЧ ПАТЕНТНИ ЧЕГАРАДАН ЧИҚМАЙ УЗАЙТИРИШ

Агар чет давлат фуқаросининг ҳужжат муддати бир йилга яқинлашиб, тугай деб қолган бўлса (меҳнат фаолиятининг биринчи йили бўлган ҳолда), чегарадан чиқмай  янги патент олиши мумкун. Батафсил маълумотни бу ерда ўқишингиз мумкун.

ПАТЕНТНИНГ ҲАҚИҚИЙ ЭКАНИНИ ТЕКШИРИШ

Патентингизни ҳақиқий эканини, амал қилиш маълумотларини Россиянинг Ички ишлар вазирлиги миграция масалалар бўйича бош боқармаси (ГУВМ МВД) сайтида билишингиз мумкун – Патентнинг ҳақиқийлигини ФМС базасида текшириш

Эсда тутинг, ушбу онлайн хизмат маълумот олиш учун кўзланган холос. Юридик  мақсадларда ҳисобот учун тегишли органларга ёзма равишда мурожаат  этишингиз керак.

ПАТЕНТНИ ОЛИШ ҲАҚИДА

Патент олиш қийин жараён эмас. Сизга қулай бўлишини ўйлаб, патент олишни батафсил, қадамма қадам ёритишга қарор қилдик.

Керакли маълумотларни ўрганиб, иложи борича ўзингиз патент расмийлаштиришингизни сўраймиз. Агар умуман қўлдан келмай қолсагина, четдан ёрдамга мурожаат қилинг. Сизга ёрдамлашаётган ташкилот ҳақида изоҳ ва шарҳларни ўрганишни унутманг. Алданиб қолманг!

  1. Сиз виза талаб этилмайдиган давлат фуқаросисиз.
  2. Чегарада (аэропорт, темир йўл вокзали, чегара “пост”лари) сизга миграция варақаси берилади, унда албатта келиш мақсадингизни “РАБОТА” деб белгиланг.
  3. РФ га келган кунингиз суғурта расмийлаштиринг.
  4. Россияга келган кунингиздан бошлаб 7 кун ичида турар жойингиздан рўйхатдан ўтишингиз керак (“регистрация” қилдиринг). Агар Тожикистон фуқароси бўлсангиз “регистрация” қилдиришингиз учун сизга қонунан 15 кун вақт берилган.
  5. Келганингиздан кейин 30 кун ичида патент расмийшлатиришингиз керак. Агар 30 кун ичида патент олиш учун тегишли органларга ариза опширмасангиз, штраф тўлашингизга тўғри келади. Патент олишга ҳужжатлар 30 кундан кечиккани учун жарима 1500 рубль. Қуйидаги ҳужжатларга қўшиб, жариманинг ҳам чекини топшириш керак бўлади. Демак патент учун:
  • Тиббий комиссия текширувидан ўтишингиз керак;
  • Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигидан имтиҳон топширишингиз керак;
  • ДМС полиси (Тиббий суғурта)ни Россияда қанча яшамоқчи бўлсангиз шунча муддатга расмийлаштиришингиз керак;
  • Паспортингизни нотариал таржима қилдириб олишингиз керак.
  • Солиқ хизматидан ИНН олишингиз керак.
  1. Ҳаммаси тайёр бўлгач (регистрация, миграция варақаси, тиббий комиссия маълумотномаси, имтиҳондан ўтганингиз ҳақида гувоҳнома, полис, паспорт таржимаси), уларни ёки миграция хизмати (ГУ МВД ФМС) ёки Россия давлат хизматларни кўрсатиш маркази (ЦЕНТР ОКАЗАНИЯ ГОСУДАРСТВЕННЫХ УСЛУГ)га олиб бориб, топширишингиз керак.
  2. Ҳужжатларингизни топширгач, агар бирор ҳужжат етишмаётган бўлса сизга яна нима олиб келиш кераклигини айтишади. Агар ҳаммаси жойида бўлса номингизга патент расмийлаштиришни сўраб ариза ёзасиз. Ариза бланкасини ўзлари беришлари керак.
  3. Демак, аризани тўлдириб бўлганингиздан кейин қачон бармоқ изларини (дактилоскопическая экспертиза) топшириш ва расмга тушиш (махсус аппаратда ўзлари расмга олишади) учун келишни айтишади. Кўпинча топширгани борган кунингиз бармоқ излариниям олишади, расмга ҳам туширишади. Ва албатта энг муҳим нарса, патентнинг биринчи ойи учун тўловни тўлаб қўйишингиз керак. Агар ўзингиз қаерда қандай тўлашни билмасангиз, ҳужжатларни топшираётганда сўранг. Сизга тўлаш учун автомат қаердалигини кўрсатишади. Автоматдан фойдаланишни билмасангиз, маслаҳат сўранг, ёрдам беришади. Тўлаб бўлгач, чекни ташлаб юборманг, сақлаб қўйинг.
  4. Расмга тушиб, бармоқ изларини топширган кунингиздан 10 кун ўтиб патентингиз тайёр бўлади ёки патент ололомаслигингиз борасида рад жавоб берилади. Тайёр бўлган патентни олиш учун бир ойлик тўловни тўлаганингиз ҳақида чекни тақдим қилишингиз керак бўлади.
Патент учун ариза
                                                     Патент учун ариза

ПАТЕНТНИ ОЛГАНДАН СЎНГ НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Патент олгандан сўнг, иш топиб, иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузишингиз ва у шартнома нусхасини миграция хизмати ҳодимларига тақдим қилишингиз керак. Бу учун сизга қонунан икки ой берилган.

Иш берувчингиз эса миграция хизматини чет давлат фуқаросини ишга олганлик ҳақида бохабар қилиши зарур.

Ундан кейин патент тўловини вақтида (белгиланган кундан бир кунга ҳам кеч қолмай) амалга оширишингиз керак. Агар патент тўлови бир кунга кечикса ҳам автомат равишда ҳужжатингиз бекор қилинади. Ҳар ой патент тўловини тўлаганингиз ҳақида чекларни сақлаб қўйинг. Биронтаси ташлаб юборманг.

Шунингдек, бошқа ҳужжатларингизни ҳам вақтида муддатини янгилаб, олиб юришингиз керак.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика