ТЕРРОРИЗМ – ОЛАМ ОФАТИ

Бугунги давр нафақат тараққиёт ва илм-фаннинг жадал суръатларда ривожланиши, балки жаҳонни ларзага солаётган турли хил глобал муаммолар билан ҳам кечмоқда. Ана шундай бутун дунёга ўз таҳдидини солаётган муаммолардан бири терроризмдир.

Терроризм халқаро миқёсда тобора кенг тус олаётгани, унинг туб илдизлари қирқилиши ўрнига аксинча, кенг тарқалиб бораётгани оқибатида миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаёти аянчли якун топмоқда.

Ҳозирда бу офатдан азият чекмаган давлат деярли қолмади. Кўплаб давлатлар биргаликда бир неча йиллардан буён мазкур иллатга қарши кураш олиб бораётган бўлса-да, курашнинг ижобий натижаси кўринмаётгани кишини ташвишга солади.

Тараққиёт душмани бўлган террорчилик бир сиёсий атама сифатида, қурол сотиш, наркобизнесни ривожлантириш, конституцион тузумларни ағдариш ва бошқа тубан мақсадларга эришиш учун турли жиноий йўллардан фойдаланишни зарур ва жоиз деб биладиган меҳр-шафқатсиз кимсалар ҳамда ташкилотларнинг йўл-йўриқларидан иборатдир.

Террорчилик ҳеч қачон эзгуликка қаратилган эмас. Аксинча, ҳар доим диний ва инсоний меъёрларга, умуминсоний қадриятларга, ахлоқий фазилатларга қарши ишлатилганлиги учун ҳам энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келинган. Террорчилик дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларни йўқотган ашаддий жиноятчилар бундай қабиҳ ишларга қўл уради. Террорчилик ўтмишда сон-саноқсиз бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Шарқу ғарбнинг машҳур шахслари, йирик олимлар ва давлат арбоблари унинг қурбонига айланишган.

Сўнгги йилларда юртимизда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, ёшларимизни турли бузғунчи ғоялар, террористик ҳамда экстремистик оқимлар таъсиридан ҳимоялашга қаратилган тадбирлар қалами янада кенгайди. Адашиб хато йўлга кириб қолган фуқароларимизни кечириш ва уларни тўғри йўлга солиш борасидаги ишлар бунга яққол мисолдир.

Биргина 2017 йили содир қил­ган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган 18 мингдан зиёд фуқаролар террористик, экстремис­тик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилиб, соғлом турмушга мослаштирилганди.

Президентимизнинг 2018 йил 19 сентябрдаги «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига ада­шиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ушбу йўнапишдаги ишларни янада жонлантирди.

Ўз қилмишларининг қонунга хилоф эканлигини англаб, қатъий тузалиш йўлига ўтган ушбу фуқаролар бугунги кунда оиласи бағрида тинч ва осойишта умр кечиряпти.

Огоҳ ва ҳушёр яшаш учун жамият ва унинг ҳар бир фуқароси уйғонмоғи шарт. Бугун ғафлат уйқусига ботиб, террористик ва бошқа тақиқланган ташкилот ёки гуруҳлар таъсирига тушиб қолганларининг эртага ҳоли вой бўлиши мумкин.

Биз терроризм ҳақида соатлаб маъруза ўқигандан кўра, фуқаролар ўртасида Ватанга муҳаббат, унинг осойишталигига дахлдорлик ҳиссини уйғота олсак, бу иллатга қарши одилона ечим топган бўламиз, назаримизда.

Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал. Эртага аттанг қилгандан кўра, бугун огоҳ бўлиш – энг тўғри йўл. Шундай экан, Ватан тараққиётига, фарзандлари камолига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро огоҳ бўлиши даркор. Ён-атрофимиздаги мамлакатларда содир этилаётган террористик ҳужумлардан тўғри хулоса чиқариш, бугунимизга шукрона, эртамизга ишонч билан яшаш, эзгу мақсадлар йўлида одимлаш ҳар биримизнинг ўз қўлимиздадир.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика