Фарғона давлат университети Европа Иттифоқининг “MAGNET”лойиҳасида фаол иштирок этмоқда

351351

Фарғона давлат университети Европа Иттифоқининг Эразмус+ дастури доирасида амалга оширилаётган “Университетлар ўрта ёш ишсиз аҳолини касбий тайёрлаш ва малакасини оширишда асосий ҳамкор сифатида” (МАГНЕТ) лойиҳасида иштирок этиб келмоқда. Лойиҳа умумий қиймати 646 471 еврони ташкил этиб, у 2016-2018 йилларга мўлжалланган. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон олий таълим муассаларида Карьера марказларини ташкил этиш асосида ўрта ёш ишсиз аҳолини касбга йўналтириш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали давлатнинг ижтимоий сиёсатига кўмаклашиш ҳисобланади.

Лойиҳа ҳамкорлари сифатида Европа Иттифоқидан Лейпциг амалий фанлар университети (Германия), Гуарда Политехника институти (Португалия), Галац университети (Руминия) ва Латвия Маданият коллежи (Латвия) қатнашмоқда. Лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари эса Фарғона давлат университети, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали, Қарши давлат университети ҳамда Нукус давлат педагогика институтларидир. Лойиҳада олий таълим муассасалари билан биргаликда ноакадемик ҳамкорлар бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси, Фарғона шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси Фарғона вилоят бўлими, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона шаҳар кенгаши, “Тадбиркор аёл” Ассоциацияси Қашқадарё вилоят бўлими, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази Фарғона вилоят бўлими, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази Андижон вилоят бўлимлари иштирок этдилар.

photo_2019-02-17_11-22-18

Лойиҳани амалга ошириш давомида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида жами 4 та Карьера Марказлари ташкил этилди. Мазкур Карьера марказлари замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди. Лойиҳа доирасида ўрта ёш аҳолига таълим бериш йўналишида хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида марказларда фаолият юритадиган тренерлар Латвия ва  Руминия давлатларидаги олий таълим муассасалари ҳамда Карьера марказларида малака ошириб келишди.

Карьера марказларида тингловчилар учун тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш йўналишлари бўйича курслар ташкил этилди. Ўқув машғулотларининг амалиёт билан боғлиқлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича дала машғулотлари ҳам олиб борилди. Хусусан, Фарғона давлат университетида ташкил этилган ўқув курсларида 300 га яқин тингловчилар иштирок этиб, курслар якунида белгиланган намунадаги сертификатларга эга бўлишди.

2019 йил 11-12 февраль кунлари Фарғона давлат университетида лойиҳанинг якунига бағишланган “Ўзбекистонда бозор ислоҳотлари шароитида банд бўлмаган аҳоли муаммоларини ечишда олий таълим муассасалари ролини ошириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Конференцияда лойиҳанинг Европа Иттифоқидан ҳамкорлари бўлган Лейпциг амалий фанлар университети(Германия), Галац университети(Руминия), Гуарда Политехника институти (Португалия) ҳамда Латвия Маданият коллежи (Латвия) профессор-ўқитувчилари, шунингдек, мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, халқаро илмий-амалий конференция давомида мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва уларни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Конференция ўз ишини 6 та шўъба йўналишлари бўйича олиб борилди ва тақдим этилган материаллар тўплам сифатида нашр эттиришга тайёрланди.

Шунингдек, мазкур учрашувлар давомида ҳамкорлар ўртасида лойиҳанинг натижалари, унинг бардавомлилигини таъминлаш масалалари ва ҳамкорликда янги лойиҳалар тайёрлаш бўйича муҳокамалар ўтказилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика