Катта Кенагас қишлоғидаги Хазиний уй-музейи ва мақбараси таъмирланмоқда

74d6e206b7f505903511fab7c4180a6f0917

Хазиний уй-музейи ва мақбараси 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига таъмирланмоқда.

Зиёвуддин Дониёлхон ўғли Ҳазиний 1867 йилда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Катта Кенагас қишлоғида туғилди. Ёш Зиёвуддин бошланғич мактабни ўз қишлоғида тамомлагач, Қўқондаги Жомеъ мадрасасида Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, адабиёт илмларини чуқур ўзлаштирди. Диний мушоҳада ва ижодда етук бўлган Зиёвуддин Ҳазиний 1904 йилда шоир ва ҳофиз сифатида шуҳрат топди. Халқ уни “Эшон бува”, “Ҳазиний тўра” номлари билан эъзозлай бошлади.

Ҳазиний ХIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср биринчи чорагида ўлкамизда мураккаб тарихий вазият ҳукм сурган бир даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда Қўқон, Хива ҳамда Бухоро адабий муҳитида янгича маърифатпарварлик йўналишларида асарлар яратган Аҳмад Дониш, Фурқат, Ибрат, Комил каби ижодкорлар ўзбек адабиётида янги бир босқични бошлаб берди. Аммо гап шундаки, Ҳазиний меросида янгича маърифатпарварлик ва жадидлик йўналишидаги асарлар деярли учрамайди.

ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида шеърият ихлосмандлари орасида Зиёвуддин Ҳазиний шу қадар шуҳрат қозонганки, биргина “Баёзи Ҳазиний” китоби 1910-1913 йиллар давомида 7 марта чоп этилган.

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Зиёвуддин Ҳазиний номини абадийлаштириш мақсадида 1995 йилда у яшаб ижод қилган Учкўприк туманидаги Катта Кенагас қишлоғида музей ташкил этилган. Музейдаги 251 дона экспонат Ҳазиний даврини ёритиб берувчи уй-рўзғор буюмлари, ранг тасвир асарлари, меҳнат қуроллари билан бирга шоир ва унинг замондошлари ижодига мансуб китоблар, мақолалар ҳамда тошбосма китоблардан иборат бўлган.

Шоир туғилиб ўсган қишлоқ марказидаги қабристонга келувчилар бу ернинг ободлиги, саранжом-саришталигидан дили яйрайди. Ҳазиний қабрини зиёрат қилувчилар учун 300 йиллик арча ён бағрида алоҳида ўриндиқлар ҳозирланиб обод масканга айлантирилган. Шу ерлик 80 ёшли Сайфиддинхўжа ота Шамсиддиновнинг айтишича, шоир қабрини зиёрат қилгани қўшни Қирғизистон, Қозоғистондан ҳам тез-тез меҳмонлар келиб тураркан.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ва Олтиариқ туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 122 бандида ҳам Катта Кенагас қишлоғидаги Хазиний уй-музейини қонуний асосда йўлга қўйиш, шу ерда жойлашган Ҳазиний мақбарасини ободонлаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Шунга кўра, Ҳазиний туғилиб ўсган Катта кенагас қишлоғидаги уй-музей ва унинг ёнида жойлашган мақбарада комплекс ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зиёратчилар учун гўзал масканга айлантирилди.

Мақбара ва уй-музейни капитал таъмирлаш ва экспонатлар билан бойитиш учун давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Ҳозирда музей ва мақбарада қурилиш-монтаж ва пардозлаш, экспонатлар учун махсус витриналарни жойлаштириш ишлари давом этмоқда.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика