ҚЎҚОНДА ХАЛҚАРО ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФЕСТИВАЛИГА ПУХТА ҲОЗИРЛИК КЎРИЛЯПТИ

27bc61d436fa380a8bc1379507ef2571

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги Қарори мамлакатимиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Мазкур қарор миллий туризмни янада ривожлантириш, шунингдек, халқлар орасида дўстлик, маданий гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида кўзда тутилганидек, ҳар икки йилда бир маротаба Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ташкил этилади. Бу фестивалнинг шаҳримизда ўтказилиши замирида ўзига хос маъно бор. Зеро, Фарғона водийси уста ҳунармандлар юрти. Бугун вилоятимиз ҳунармандлари орасида ўз мактабига эга, турли халқаро ва мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор. Риштон туманида кулолчилик, Марғилон шаҳрида ипак матолар ишлаб чиқариш, Қўқонда эса кандакорлик, пичоқчилик, ёғоч ўймакорлиги йўналишлари кенг ривожланган.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрь куни имзоланган “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида 2019 йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандлар фестивалини ўтказиш белгиланди. Фестиваль доирасида 100 дан зиёд мамлакатдан минглаб меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Қўқон шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновлар бошчилигида фестивалга тайёргарлик доирасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада ишчи гуруҳ фаолияти шакллантирилиб, халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаёти, миллий ҳунармандчилигини бутун дунёга кенг тарғиб этиш ҳамда туризмни ривожлантириш соҳасида кўзда тутилган вазифалар ижросига астойдил киришилди. Белгиланган вазифалар доирасида жаҳон андозалари талаблари даражасидаги кўп қаватли меҳмонхоналар қуриш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма ва савдоларини ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни доимий жалб этиш мақсадида сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликда туристик маршрутлар сонини доимо ошириб бориш сингари муҳим ишлар режалаштирилмоқда. Бу борада республикамизда тўпланган ва хорижий тажрибалар кенг ўрганиляпти. Уста ҳунармандларимиз эса бор маҳоратлари билан кўргазма учун маҳсулотлар яратиш ва йиғишни бошлаб юбордилар. Уларга маҳсулотлари учун зарур хом ашё ва амалий кўмак бериш эътибор марказида.

Фестивалда хорижий давлатлардан ҳам маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, мутахассислари, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонлар иштирок этадилар. Фестиваль ўтказиладиган Ўрдаолди майдонининг ён-атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар уюштирилибгина қолмай, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ҳамда маҳсулотларини яратиш жараёнлари, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳам ташкил этилади. Миллий либосларда кўргазмали чиқишлар, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари байрам шукуҳини янада оширади.

Анжуманнинг сентябрь ойида ўтказилиши ҳам ҳар томонлама қулай давр. Жумладан, сентябрь ойи ўрталари хорижлик меҳмон ва сайёҳларнинг ташрифи учун энг қулай вақт бўлиб, мева-сабзавотларнинг айни пишиқчилик пайти ҳамдир. Мўътадил об-ҳаво анжуманнинг муваффақиятли ўтишида қўл келади. Энг асосийси, юртимизнинг ривожланган тарихий ва маданий шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби Қўқонда ҳам ҳунармандчиликнинг ноёб турлари сақланиб қолишига, усталар меҳнати халқаро миқёсда ўз эътирофини топишига қулай шарт-шароит яратилади.

“Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси масъул ходими Х.Хамроқуловнинг маълумот беришича, шаҳримиздаги Усмон Носир ва Навбаҳор кўчалари кесишмасида жойлашган собиқ ҳарбий қисм ўрнида “Ҳунармандчилик савдо маркази” ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу ҳудудда 65 та ҳунармандга танлов асосида ер майдонлари бўлиб берилади ва ҳунармандлар бозори ташкил этилади. Ҳунарманд ҳамшаҳарларимизга савдо расталари, ишлаб чиқариш устахоналари бунёд этилади. Устахоналарнинг тепа қаватида ҳунармандларнинг уйлари ҳам жойлашади. Ҳунармандлар бозори ташриф буюрувчилар учун туну кун очиқ бўлади. Январь ойи якунига қадар ушбу ҳудудларни ўз эгаларига бириктириш юзасидан кимошди савдоларини ўтказиш белгиланган. Мазкур кимошди савдоларида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо ҳунармандлар иштирок этадилар.

Фестивалга тайёргарлик доирасида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан вилоятимизда 17 та ишчи гуруҳ ташкил этилди. Мазкур ишчи гуруҳларда шаҳар архитектура бўлими, қурилиш дирекцияси мутахассислари, шаҳар ободонлаштириш бўлими ходимлари, барча ташкилот ва муассасалар вакиллари киритилган.

Фестивалга ҳар бир вилоятдан 50-100 нафардан ҳунармандлар иштирок этишлари режалаштириляпти. Ўрдаолди майдони том маънода 14 қисмга бўлинади ва юртимизнинг ҳар бир вилояти бугуни, эришилган ютуқлари, ўзига хос жиҳатлари, тарихий обидаларининг макетлари билан жиҳозланади. Фестивалда тарих ва бугун уйғунлиги яратилади. Мисол учун Самарқанд вилоятига ажратилган жойни кўздан кечираётган иштирокчи ўзини Самарқандда деб ҳис қилиши учун барча шароит ҳозирланади.

Фестивалда ҳунармандчилик маҳсулотлари намойишидан тортиб, ишлаб чиқариш жараёнларигача кўрсатилади.

Шунингдек, дорбозлар, қизиқчилар, фольклор ансамбллари, санъаткорларнинг чиқишлари ҳам ташкилланади.

Қўқон шаҳридаги тарихий обидаларда ҳам фестиваль доирасида тадбирлар ўтказилади.

Фестивалга “халқаро” деган мақом берилишининг ўзиёқ кўп нарсага ойдинлик киритади. Нафақат юртимиз ҳунармандчилигини бутун дунёга танитиш, балки Қўқон шаҳрининг тарихий обидалари, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти, умуман шаҳримизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш энг муҳим вазифалардан. Фестиваль миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортини амалга оширишга хизмат қилади.

“Ҳунарманд” уюшмаси Қўқон шаҳар бўлими аъзолари сони ўтган йилларда 67 нафар эди. Бугун уларнинг сони 300 нафардан ортди. Рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган ҳунармандларимиз уюшмага аъзо бўлишмоқда ва фестивалда намойиш этиш учун маҳсулотлар тайёрлашга киришдилар.

Хусусан, ёғоч ўймакорлиги устаси Отабек Умаров таниқли ҳунарманд Қодиржон Ҳайдаровнинг эвараси бўлиб, фестивал ўтадиган Ўрда олди мажмуасига барпо этиш режалаштирилган рамзий кириш дарвозалари учун нақшинкор устунлар тайёрламоқда.

— Мазкур кириш дарвозалари ташриф буюрувчиларга шаҳримиз ҳунармадчилиги ҳақида дастлабки хулосаларни беради. Отам Мирзаюнус Умаров, оға-иниларим Жаҳонгир ва Жамшид Умаровлар билан биргаликда ҳозирда иккита баландлиги 3,5 метр бўлган нақшинкор устунларни тайёрлаб қўйдик. Яна устунлар тайёрлаш устида ишлаяпмиз. Мақсадимиз шаҳримиз амалий санъати намуналарини кўрсатиш орқали барчани ром этиш ва бу фестивалга бизнинг туҳфамиз бўлади, – дейди О.Умаров.

Ёғоч ўймакорлиги устаси нақшинкор товоқ ва лаганлар, лавҳлар, кўзалар ва кўчма шийпонни фестивалга олиб чиқмоқчи.

— Хитойлик ва ангилиялик мижозларим ҳам бор. Ўзбек миллий ҳунармандчилигига дунё аҳли бефарқ эмас, улар турли буюмлар харид қилиб туришади. Фестивалда хорижий ҳамкорларимиз янада ортиши, шубҳасиз. Ўз маҳсулотларимизнинг экспортини йўлга қўйиш бизга ҳунармандчилигимизни янада кенгроқ тарғиб этиш ва ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга йўл очади, – дейди ушбу ҳунарманд.

Шунингдек, меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида шаҳримизда 11 та меҳмонхона бунёд этиш кўзда тутиляпти.

МУРОЖААТНОМА

2019 йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига пухта ҳозирлик кўриш ва уни намунали ўтказишга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Ҳурматли юртдошлар, ҳунармандлар ва ишбилармон соҳа вакиллари! Азиз ҳамшаҳарлар!

Барча халқларнинг бозор иқтисодиётида ҳунармандчилик муҳим ўрни тутади. Ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, унутилиб бораётган ҳунарларни қайта тиклаш, илмий ўрганиш ва изланишлар олиб бориш бугунги замон талабидир.

Мамлакатимизнинг ўзига хос ҳунармандчилик тарихи, мактаби ва услублари мавжуд. Айниқса, Қўқон азалдан маданият ва маърифат, санъат ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган. Шу боидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида миллий ҳунармандчилик ва амалий санъатни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Қўқон шаҳрида 2019 йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унинг доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, 2018 йил 19 декабрда қабул қилинган “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси ташкил этиладиган бўлди. Бу ҳам бўлса кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизга юксак эътибор намунасидир. Бу эътибор барчамизга ўзига хос масъулият юклайди.

Олдимизда Қўқонда нафақат кенг кўламли ободончилик ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, балки фестивалга ташриф буюриши кутилаётган меҳмонларни муносиб кутиб олиш, улар учун замонавий меҳмонхоналар қуриш ва сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш, фестивалда барча тадбир ва тантаналарни бетакрор равишда ўтказишдек масъулиятли юмушлар турибди. Фестиваль доирасида Қўқон шаҳридаги марказий майдоннинг ён-атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар ташкил этилиши, мастер-класслар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳунармандчилик маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилиши, миллий либослар кўргазмалари, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилиши барчамиздан ҳамжиҳатлик ва пухта тайёргарликни талаб этади.

 

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Фестивалга тайёргарлик асносида қадимий ҳунармандчилик ва амалий санъатга оид қўлёзма ва сир-асрорларни тўплаш, ёш авлод қалбида ҳунармандчилик санъатига бўлган қизиқишни шакллантириш муҳим вазифадир. Миллий ҳунармандчилигимизни тиклаш ва ривожлантириш, устоз-шогирд анъаналари асосида ёшларга ўргатиш Сиз – ҳунар аҳлидан улкан меҳнат ва маҳорат талаб этади.

Бугунги кунда ҳунармандларимиз ўз фаолиятларига янгича мазмун, яъни тадбиркорлик муҳитини олиб киришлари ҳар жиҳатдан муҳимдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентга Мурожаатномасида 2019 йил номини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилгани замирида ҳам иқтисодиётимизга сармоя киритишга интиладиган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни фаол жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш, одамлар ва оилаларнинг даромадларини оширишдек эзгу мақсад-муддаолар мужассам.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш – Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият”, дея ҳақ фикрни айтдилар. Юртимиздаги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган, барча қийинчилик ва синовларни мардона енгиб, ўзининг фидокорона меҳнати билан жонажон Ватанимиз равнақига улкан ҳисса қўшаётган олижаноб қўқонликлардан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди.

Таъкидлаш жоизки, шаҳримизда туғилиб-ўсган, таълим-тарбия олган, айни пайтда хорижий давлатларда меҳнат фаолиятларини олиб бораётган ҳамшаҳарларимиз, ҳунар ва ишбилармон соҳалар вакиллари ҳам бу ислоҳотлардан четда турмай, ўз ҳиссаларини қўшишлари мақсадга мувофиқдир. “Ҳар ким ўз туғилган ерида азиз” деган халқ нақлида катта маъно бор. Ўз ҳунари, билими, сармоя ва меҳнатини эл-юрт ривожи йўлида сарфлаш – эртанги авлодлар келажагига пухта замин ҳозирлаш демакдир.

Ислоҳотлардан четда турмайлик, азиз қўқонликлар!

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика