Ислоҳотлар – амалда ТУРИЗМ ИҚТИСОДИЁТНИНГ МУҲИМ ТАРМОҒИДИР

Саёҳатлар учун мўлжалланган Wegорlace онлайн хизмати Sоlо Travel Safety Reроrt 2019 ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда қайси давлатлар 2019 йилда сайёҳлар ёлғиз саёҳат қилиши учун энг хавфсиз эканлиги айтиб ўтилган.

Мутахассислар 142 та мамлакат аҳолиси орасида сўров ўтказган ва улар тунда шаҳар бўйлаб ёлғиз сайр қилганда ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилишини аниқлаган. Шунингдек, уларнинг маҳаллий полицияга ишончи, уларнинг ҳужумлари ёки талончиликларга учраганига ҳам ойдинлик киритилган.

Мазкур тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёлғиз саёҳат қилиш учун энг хавфсиз бўлган давлатлар топ-бешлигидан жой олди.

Маълумки, 2018 йил 3 февралда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон туризм салоҳиятини, биринчи навбатда, инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ҳамда тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида имзоланди.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган кўплаб вазифалар белгиланган мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 6 февралда Президентимизнинг «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 майдан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилди. Ўз навбатида, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга қатновлар рақобатдошлигини таъминлаш мақсадида халқаро қатновлар учун авиачипталарнинг таннархидан паст нархларда сотиш ҳуқуқи берилди. Албатта, бундай чора-тадбирлар юртимизга келиш истагидаги хорижий сайёҳлар учун қулай шароит яратади. Шу билан бирга, ички туризмни ҳам жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам ички туризмнинг иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги аҳамиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Туризм соҳасидаги юқоридаги каби ишларни мустаҳкамлаш ва янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг соҳа ривожига қаратилган ­бу каби фармон ва қарорлари, дунёнинг кўплаб мамлакатлари фуқаролари учун визасиз режим ёки электрон виза олиш тартиби жорий этилаётгани, аэропорт ва божхона хизматларида яшил йўлаклар ташкил этилгани, авиақатновлар, темир йўл ва транспорт соҳасидаги имтиёзлар юртимизга хорижлик сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпайиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Ўз навбатида, ички туризмни ривожлантириш учун миллий байрам саналарида дам олиш кунлари узайтирилди. Шу кунларда авиа ва темир йўл чипталари транспорт қатнови борасида чегирмалар жорий этилди. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори остита туристик маршрутлар сони тобора кенгайиб боришига алоҳида эътибор қаратиляпти. Тарихий шаҳарларимиз бўйлаб саёҳатлар, экотуризм, агро­туризм, гастрономик туризм сингари йўналишларда улкан саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти.

Вилоятда бир неча асрлик тарихга эга 372 тадан кўпроқ (113 та археологик, 136 та меъморий, 84 та диққатга сазовор жой, 38 та монументал) моддий-маданий мерос объектлари бор тўлиқ маълумотлар шакллантириляпти.

Таъкидпаш жоизки, вилоятимизда янги туризм йўналишлари, турмаршрутларни ташкил этиш ҳамда сайёҳларга қулай транспорт логистикаси, меҳмонхона, умумий овқатланиш ҳамда бошқа шу каби хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолиятини йўлга қўйиш устувор вазифалар сирасига киритилган. Шу тариқа хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун тарихий қадамжолар, тоғлар, ҳунармандчилик марказлари, маъданли сувлар, йўл бўйи инфратузилмаси хизматларини ривожлантириш, хусусан, санитар-гигиена тармоқларини ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Бу хусусда гап кетганда, зиёрат туризми йўналиши жуда ҳам истиқболли тармоқ эканлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Бу борада вилоятимиздаги юзлаб тарихий ва маданий объектларга сайёҳларни жалб этиш имкониятларини катта эканлигини унутмаслик лозим. Ана шундай тарихий зиёратгоҳлар Олтиариқ туманида ҳам мавжуд.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Олтиариқ туманида ҳозирги кунда муқаддас зиёратгоҳлардан 30 дан ортиғи сақланиб қолган бўлиб, уларнинг аксарият қисми маҳаллий ҳокимият томонидан замонавий тарзда қайта таъмирланган.

  1. Олтиариқда яшаб ўтган зоҳидлар, сўфийлар, уламолар, олимлар, шоирлар ва давлат арбобларига тегишли бўлган мозорлар: Жаҳонгир тўра, Охунд дада, Ориф ва Маъруф, Мамаюсуф эшон, Валихонтўра мозорлари.
  2. Олтиариқдаги муқаддас ашёлар билан боғлиқ мозорлар: Шермуҳаммад Охунд, Дўсти Худо, Юлғyн ота, Девона бува, Мойқўл бува, Зурайк момо, Суқи Ҳасид мозорлари.
  3. Олтиариқдаги муқаддас қадамжолар, яъни улуғ зотлар қадами етган жойлар: Бобо Аҳтам, Бобо Қамбар, Абдуллоҳ Ансорий, Хўжа Аттор Вали, Шоҳ Толиб, Умоч Ота, Ғойиб Эранлар, Шаҳиди Аъло зиёратгоҳлари.

Мустақиллик йилларида туманимизда 20 га яқин тарихий ёдгорликлар қайта тикланди ҳамда ободонлаштирилди. Токио шарқшунослик институти олимлари билан ҳамкорликда иш олиб борилиши натижасида тумандаги айрим тарихий обидалар Японияда чоп этилган «Туркистон тарихий обидалари» китобига киритилди ва «Буюк ипак йўли» бўйидаги маданий мерослар харитасига туширилди.

Олтиариқ зиёратгоҳларининг айримларига батафсил тўхталиб ўтамиз.

528

Тарихи 2000 йилга туташ Зирак момо зиёратгоҳи. Ерли аҳоли уни Зурай момо, Зурайк момо, баъзилар Зийрак момо, Зирокой момо ҳам дейишади. Ушбу зиёратгоҳ Олтиариқ тумани марказидан шимолда, 5 – 6 км узоқликда, шу ном билан аталувчи Зурайк момо қишлоғида жойлашган.

Зурайк момо зиёратгоҳи археологик ёдгорликда жойлашган бўлиб, майдони 160×120 м, баландлиги 2 м. Жануби-ғарбий ҳудудда 4 м баландликдаги тепалик мавжуд. Ёдгорликнинг атрофидан зовур ўтказилган. Бундан ташқари, унинг атрофига мевали дарахтлар ўтқазилган.

Тарихи 150 йилдан ошган Бўрбонлиқ қишлоғидаги Дўсти Худо зиёратгоҳи.

Тарҳи тенг томонли бўлган бино (22,5х22,5 м) масжиднинг тўғри бурчакли устунли хонаси ҳамда Г симон икки томонли айвондан ташкил топган.

313

Ўймакор ёғоч устунлар шаклдор курсиси ва калла  муқарнаси билан ажралиб туради. Шифтларига кўк заминда ранг-баранг исломий нақшлар ишланган. Тўсинлардаги оҳори ўчган бўёқларда қизил ранг устунлик қилади, ранг-баранг гуллар жимжима ҳошия ичида алоҳида ажралиб туради. Унча муракаб бўлмаган бир-бирига монанд ёрқин рангли безаклар тўсинларга нафис ишланган нақшлар билан уйғунлашиб кетади.

Меъморлар масжидда шимолий ҳовлига кирадиган дарвозахона тузилишига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Бу тўсинли нақшинкор ёғоч устунли шийпонни эслатади. Дарвозахона шифти ҳам масжидники сингари нақшланган.  Дўсти Худо масжидига ўрнатилган эски масжид эшигида ҳижрий йил билан 1283 сана туширилган бўлиб, бу масжиднинг аввал 1866 йилда бунёд қилинганлигини кўрсатади.

131

Эскиараб қишлоғида жойлашган 2500 йиллик тарихга эга бўлган Китконтепа  зиёратгоҳи ҳам келгусида хорижлик сайёҳларни бефарқ қўймайди. Чунки хорижликлар бундай бой меросимизга ўзгача ҳавас ва ҳайрат билан қарайдилар.

Эскиараб қишлоғида жойлашган мазкур зиёратгоҳ археологик ёдгорлик бўлиб, баландлиги 12 м, майдони эса 65х55 м.дан иборат.

1976-1978 йилларда Фарғона вилояти ўлкашунослик музейи олиб борган археологик қазишмалар натижасида ёдгорлик эрамизнинг бошларига оид эканлигини кўрсатди.

* * *

Ҳа, туманимиздаги бу каби тарихий қадамжолар тез орада хорижлик сайёҳлар билан ҳам гавжум бўлади, албатта. Зеро, туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоғидир. Туризм ривожи эса иқтисодиётни юксалтириб, юртни дунёга янада кенгроқ танитади.

Адҳамжон РАҲМОНОВ,

«Давр овози» газетаси махсус мухбири.

Суратларни М.Сангинов олган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика