Ислоҳотлар – амалда ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТМОҚДА

46

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунга ҳар қадамда гувоҳ бўлиш мумкин. Ислоҳотларнинг асосий мақсади халқни, фуқароларни ҳаётдан, бугунги кунидан рози қилиш, албатта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида беқиёс ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишига қулоқ тутиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқадан унумли фойдаланиш, шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Юртдошларимиз бугун барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини янада тараққий эттиришга ҳисса қўшишни, аввало, ўзи ва оиласи учун барқарор ва тўкин ҳаётга эришишнинг мустаҳкам замини сифатида теран англамоқдалар.

Тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлардан унумли фойдаланаётган юртдошларимиз ўз тадбиркорликларини йўлга қўйиб, мамлакат тараққиётига  салмоқли ҳисса қўшишмоқда.

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар мамлакат иқтисодиёти ривожи йўлида хизмат қилмоқда. Яратиб берилаётган имтиёз ва шароитлардан кўнглида мамнунлик сезган тадбиркорларимиз сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлари билан ташқи ва ички бозорларда муносиб ўрин эгалламоқда, харидор ва ҳамкорларнинг ишончини қозонишмоқда.

Барча соҳалар қатори, Президентимиз томонидан экспорт салоҳиятини ривожлантиришга ҳам, алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Иқтисодиётимизни жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш устувор вазифадир. Келгуси йили экспорт ҳажмини 30 фоизга ошириб, 18 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўймоқдамиз. Биз экспортга йўналтирилган иқтисодиётга ўтишимиз, ички бозорда рақобат муҳитини шакллантиришимиз зарур», деди Юртбошимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида.

Барча соҳалар қатори, Олтиариқ тумани ўз тадбиркор ва ишбилармонлари билан ҳам ҳақли равишда фахрланади. Юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида яратилаётган  шарт-шароит ва имтиёзлар туман тадбиркорларининг ютуқ-муваффақиятларида ўзига хос омил бўлмоқда.

Ўтган 2018 йилда олтиариқлик тадбиркорлар томонидан 37 694,6 минг долларлик қишлоқ хўжалиги, 237,58 минг долларлик ҳудудий саноат маҳсулотлари экспорт қилинди.

Хусусан, Азизбек Ибрагимов раҳбарлигидаги «Олтиариқ» МЧЖ томонидан 86,85 минг долларлик, ЯТТ «Раҳмонов Абдулазиз Туйчибоевич» томонидан 16,07 минг долларлик, Одилжон Абдураҳмонов бошчилигидаги «Фромода Текстиль» МЧЖ томонидан 134,66 минг долларлик ҳудудий саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Бундан ташқари, Одилжон Муродов бошчилигидаги «Ҳасанжон» МЧЖ томонидан 448,6 минг долларлик, ЯТТ «Ўринбоев Комилжон Фарҳодович» томонидан 4 051,9 минг долларлик ҳамда ЯТТ «Эгамов Жамолиддин Яҳёевич» томонидан 3 019,0 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.

Туманнинг Ғайрат қишлоғи ҳудудида фаолият юритаётган «Юмуқбой Эркин» кўп тармоқли боғдорчилик фермер хўжалиги ҳам бугунги кунда экспортга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда ўндан ортиқ ишчилар хизмат қилаётгган фермер хўжалигининг 7 гектар ер майдонида узум, гилос, ўрик, шафтоли каби мевалар етиштирилиб, ички ва ташқи бозорда сотилмоқда.

2018 йилда Россия давлатининг Краснодар ўлкасидаги тадбиркорлар билан шартнома тузилиб, бу ерда етиштирилган, сифати ва таъми билан хорижда харидоргир бўлган узум, шафтоли каби мевалар, шунингдек, карам маҳсулоти ҳам экспортга йўналтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбиркор Э.Шораҳимов саъй-ҳаракатлари билан 2018 йилда хўжаликнинг экспорт ҳажми 123 минг долларни ташкил этди. 2019 йилда бу кўрсаткични 1 млн. долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Юқоридаги режаларни янада мукаммалроқ рўёбга чиқариш мақсадида фермер хўжалиги тасарруфида музлаткич ҳам қурилган. Ҳозирда 400 тонналик сиғимга эга мазкур  музлаткичда сабзи, турп ва олмалар сақланмоқда.

Бундан ташқари, фермер хўжалигида Австрия давлатидан келтирилган 100 бош наслли қорамол ҳам парваришланмоқда. Келгусидаги мақсад қорамоллар бош сонини кўпайтириш, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишловчи кичик корхона ташкил этиб, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтиришдан иборат.

Ҳозирда бу ерда иш қизғин. Боиси, 2019 йил ҳосили учун иссиқхонада бодринг ва помидорларнинг кўчатлари ерга экилиш арафасида.

Ҳа, эътибор ва кўмак тараққиёт сари етаклайди. Тадбиркорлик ҳаракати туфайли юртимиз чирой очиб, яшнамоқда. Мамлакатимиз иқтисодий қудрати ортиб, юртдошларимиз фаровон ҳаёт кечиришмоқда. Эркинжон Шораҳимовдек изланувчан ва тиришқоқ, ислоҳотлардан унумли фойдаланадиган тадбиркор ва ишбилармонлар бор экан, фуқароларимиз фаровон ҳаёт кечиради, дастурхонларимизни ноз-неъматлар безайди.

Ш.Тўхтаматов.

Суратда: «Юмуқбой Эркин» кўп тармоқли боғдорчилик фермер хўжалиги ишчиси Элдорбек Абдураҳимовни кўриб турибсиз.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика