ПАТЕНТ УЧУН ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР

ЯНГИ ПАТЕНТ ТИЗИМИ ҲАҚИДА:

Россия 2015 йил 1 январдан бошлаб меҳнат муҳожирлари учун ишлашга рухсат берувчи янги патент тизимини жорий қилган.

Янги тартибга кўра, меҳнат муҳожири Россияда ишлаш учун патентни  олади ва уни бир йилгача узайтириши мумкин.

Ишлаш учун патентни Россияга кирганидан бошлаб 30 кун ичида олиши лозим.

Бир йилдан сўнг мусофир патентни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Шундан сўнг у Россияни тарк этиши лозим. Лекин қонунга кўра, муҳожир Россиядан чиққанининг эртасига қайтиб келиш имконига ҳам эга.

Патент олиш учун меҳнат муҳожири қуйидагиларни:

яшаш учун турар-жойидан рўйхатдан ўтгани ҳақида маълумотнома; имтиҳондан ўтгани ҳақида гувоҳнома, тиббий суғурта полиси, ИНН вароқасини тақдим қилиши лозим.

Қонунга  кўра ишлаш учун патент берилмаслиги ёки амалдаги патенти бекор қилиниши ҳам мумкин.

ПАТЕНТ УЧУН ИМТИҲОН ҲАҚИДА

2015 йил 1 январдан кучга кирган қонунга кўра, Россияда ишламоқчи бўлган чет давлат фуқаролари  рус тили,Россия тарихи ва Россия қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириши шарт ҳисобланади.

Патент олиш учун муҳожир Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича 10тадан саволга жавоб бериши лозим.

Доимий яшаш рухсатномаси (Вид на жительство) олмоқчи бўлган фуқаро эса 20тадан саволга жавоб беришига тўғри келади.  Уччала имтиҳон учун 2,5 соат вақт ажратилган бўлиб, меҳнат муҳожири ҳар 10та саволдан 5тасига тўғри жавоб бериши етарли ҳисобланади. Имтиҳон муҳожир ишлаётган ташкилотнинг ўзида ҳам топширилиши мумкин. Бунинг учун махсус мутахассислардан иборат мобил гуруҳ муҳожирларнинг иш жойига боради. Лекин бу муҳожирлар сони 25 одамдан кам бўлмаган ташкилотлардагина амалга оширилади. Иш берувчи унинг корхонасида ишламоқчи бўлган муҳожирлар имтиҳони учун олдиндан буюртма бериши лозим бўлади.

Муҳожир имтиҳондан ўтгани ҳақидаги махсус сертификат (гувоҳнома)га эга бўлсагина Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини олиши мумкин. Ушбу сертификат беш йил давомида ҳақиқий ҳисобланади.

Имтиҳон учун ҳар бир регионда нарх хил ҳисобланади, лекин ўртача ҳисобда имтиҳон учун 5000 рубль атрофида тўланади. Имтиҳондан ўта олмаган муҳожир уни қайта топшириши мумкин. Қайта топширганда яна қайтадан имтиҳон учун пул тўланади. Айни пайтда Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар имтиҳондан ўтиш учун пора таклиф қилиниши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.

Юқори малакали мутахасислар, 18 ёшга тўлмаган болалар ва Ватандошлар дастури (ўзи ёки ота-боболари аввал Россия ёки СССР фуқаролари бўлганлар) бўйича келганлар ушбу имтиҳонни топширишдан озод қилинганлар.

ТИББИЙ СУҒУРТА МАЖБУРИЯТИ

Россияда ишламоқчи бўлган муҳожир тиббий суғурта полисига эга бўлиши лозим. Акс ҳолда унга ишлаш учун патент берилмаслиги мумкин.

Агар иш берувчи муҳожирга тиббий кўмак кўрсатишни ўз зиммасига олган бўлса, муҳожирдан тиббий суғурта полиси талаб қилинмайди. Иш берувчи агар меҳнат муҳожирининг тиббий суғуртаси муддати ўтган тақдирда уни ишдан ҳайдаш ҳуқуқига эга. Тиббий суғурта полисининг нархини тегишли тиббиёт муассасида аниқлашингиз керак.

Депорт бўлган муҳожир Россияга 10 йил киритилмайди

Президент Владимир Путин 31 декабрь куни имзолаган янги қонунга кўра, миграция қонунчилигини бузган муҳожирнинг Россияга 10 йил давомида кириши тақиқланди.

Ушбу қонунга кўра, агар муҳожир Россияда бўлиш муддати тугагач, ноқонуний равишда 270 кундан ортиқ қолган бўлса, унга 10 йиллик тақиқ қўлланилади.

Агар муҳожир 180 кундан 270 кунгача Россия ҳудудида ноқонуний юрган бўлса, унинг 5 йил давомида ушбу мамлакатга кириши тақиқланади.

Федерал Миграция хизмати маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида 1 миллион 200 минг муҳожирнинг Россияга кириши тақиқланган.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Яндекс.Метрика